Европа Фаластинга молиявий ёрдамни кўпайтирмоқчи
Олам
−
14 Апрель
1605Европа Иттифоқи Фаластин маъмуриятига 1,6 миллиард евро (1,8 миллиард доллар) миқдоридаги уч йиллик молиявий ёрдамни оширади. Бу ҳақда Ўртаер денгизи минтақаси бўйича Европа комиссари Дубравка Суика “Reuters” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Суиканинг айтишича, молиявий ёрдам танқидчилари томонидан коррупция ва ёмон бошқарувда айбланган Фаластин маъмуриятининг ислоҳотлари учун йўналтирилади.
“Биз уларнинг ўзларини ислоҳ қилишларини истаймиз, чунки ислоҳотсиз улар нафақат биз учун, балки Исроил учун ҳам суҳбатдош бўлиш учун етарлича кучли ва ишончли бўла олмайди”, деди Суика.
Комиссарнинг баёноти бугун, 14 апрель куни Люксембургда Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари ва Фаластиннинг юқори мартабали амалдорлари, жумладан, Бош вазир Муҳаммад Мустафо ўртасида бўлиб ўтадиган биринчи “юқори даражадаги сиёсий мулоқот” олдидан чиқди.
ЕИ фаластинликлар учун энг катта донор бўлишга ҳамда Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш тугаганидан кейин Ғарбий Соҳилни бошқараётган Фаластин маъмурияти ҳам бир кун келиб Ғазо учун масъулиятни ўз зиммасига олишига умид қилмоқда. Бироқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳукумати ҳозиргача Ғазони Фаластин маъмуриятига топшириш ғоясини ва ЕИнинг кенгроқ мақсади – икки давлат ечими, жумладан, Фаластин давлатини барпо этишни рад этди.
Суиканинг таъкидлашича, 620 миллион евро Фаластин маъмуриятини молиявий қўллаб-қувватлаш ва ислоҳ қилиш учун, 576 миллион евро Ғарбий Соҳил ва Ғазонинг “чидамлилиги ва тикланиши” учун ва 400 миллион евро Европа инвестиция банкидан кредит сифатида, унинг бошқарув органи розилиги билан берилади.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги 12 йил ичида Европа Иттифоқининг Фаластин маъмуриятига ўртача ёрдами тахминан 400 миллион еврони ташкил этган.
“Биз ҳозирда Фаластин маъмуриятига ишончли тарзда сармоя киритмоқдамиз”, деди Суика.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Франция Президенти Эммануэль Макрон Мисрга икки кунлик ташрифидан сўнг “France 5” телеканалига берган интервьюсида июнь ойида ўзи ҳамраислик қиладиган икки давлат ечими бўйича халқаро конференция доирасида Франция Фаластин давлатини тан олиши мумкинлигини айтганди.
LiveБарчаси