Евро-2024: Германия муддатидан аввал нимчорак финалга чиқди

Спорт

image

Кеча, 19 июнь куни футбол бўйича Европа чемпионатининг 2-тур ўйинлари бошланди. Тур доирасида “A” гуруҳида 2 та, “B” гуруҳида 1 та ўйин бўлиб ўтди.

“A” гуруҳи пешқадами мезбон Германия Венгрия билан баҳс олиб бориб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувда голларга Жамол Мусиала ва Илкай Гюндоган муаллифлик қилди. Шундай қилиб, Германия 6 очко билан муддатидан аввал плей-офф йўлланмасини нақд қилди. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Шотландия Швейцария билан куч синашди. Баҳсда 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. Голларга Шотландиядан Скот Мактоминей, Швейцариядан эса Жердан Шакири муаллифлик қилди.

“B” гуруҳида ўтган турда мағлуб бўлган икки жамоа Хорватия ва Албания тўқнаш келди. Биринчи турда Италияга қарши муносиб қаршилик кўрсатган Албания бу турда ҳам кутилмаган натижа қайд этиб, хорватларга қарши баҳсда 2:2 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. Хорватиядан Андрей Крамарич ягона голга муаллифлик қилган бўлса, қолган 3 та гол албанлар томонидан киритилди. Кязим Лячи ва Клаус Гясуля Албания фойдасига тўп киритган бўлса, 76-дақиқада Гясуля ўз дарвозасини ҳам ишғол қилиб қўйди.

Икки турдан кейин “A” гуруҳида Германия 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда. 4 очко жамғарган Швейцария эса 2-ўринни банд этган. Шотландия ҳисобида 1 очко мавжуд бўлса, Венгрия ҳали турнирда очко ишлаб улгурмади.

“B” гуруҳида эса Албания ва Хорватия 1 очкодан тўплаб 3-4 ўринларни банд этган. Бу гуруҳда Испания ва Италия етакчилик қилмоқда.

Охирги 3-турда Германия Швейцария билан, Шотландия эса Венгрияга қарши майдонга тушади. Албания 3-турда Испания билан, Хорватия Италия билан плей-офф йўлланмаси учун курашади. Ўйинлар 24-25 июнь кунлари ўтказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Евро-2024

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг