Ёшларимиз ўзини тутиб олиши керак – Муфтий Сурияга кетиш орзусидаги ёшларни ношукрликда айблади

Жамият 5414

Аввалроқ, Ўзбекистонда коронавирус тарқалиш билан боғлиқ вазият жиддийлашиши ортидан қатъий карантиннинг қайтарилгач, Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ўзбекистон халқига мурожаат йўллагани ҳақида хабар бергандик.

Муфтий Усмонхон Алимов мурожаатида ёшларга ва уларнинг она-оналарига алоҳида юзланиб, карантинни ўтказиш бўйича тавсиялар бериб ўтди. Хусусан, карантинда вақтни фақат ижтимоий тармоқларда ўтказиш керакмаслигини таъкидлади.

“Ёшларимиз ўзларини тутиб олишлари, билишлари ва бугуннинг қадрига етишлари керак. Уларга тарбия берадиган ота-оналар ҳам тарбияни тўлиқ, яхши, мукаммал бериши керак. Бугун карантин бўлди уйда ўтир деганда, дарров ижтимоий тармоққа кириб, ёт ғояларни ўрганиб олиб, унга эргашиб кетишлик инсофдан эмас”, дея маслаҳат берди Усмонхон Алимов.

У сўзида давом этиб, бугун Ўзбекистонда диний соҳага катта эътибор берилаётганини қўшимча қилди ва бунинг қадрига етишга чақирди. Ёшлар ёт ғояларга алданиб, Сурияга кетишга уринаётгани уятли ҳолат эканини айтиб ўтди.

“Ёшларимиз ижтимоий тармоқларга кириб, ёт ғояларга эргашиб, Сурияга чиқаман деганлари, қўлга тушаётганини эшитиб қоламиз, бу жудаям уят нарса. Бу жудаям катта ношукрлик”, деди Муфтий.

Қайд этиш керакки, сўнгги вақтларда республиканинг турли ҳудудларида халқаро террористик ташкилотларга аралашиб қолган ва экстремистик мазмундаги маърузаларни тинглаб, ўз атрофидагиларга ҳам уларни тавсия қилаётган бир неча гуруҳлар қўлга олинди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 73
Рейтинг: 2.9
t
×