Ерости бойликларимизнинг салоҳияти 3 трлн долларга баҳоланмоқда – Мирзиёев
Жамият
−
10 Июнь 4005 5 дақиқа
Ҳозирги қийин шароитда Ўзбекистонда иқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга асосий эътибор қаратилмоқда. Ялпи ички маҳсулот саккиз йилда 2 баробар кўпайди. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткични 200 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилган. Бу ҳақда бугун, 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида сўз очди.
“Ўтган йили инвестиция ҳажми 35 миллиард долларга, экспортимиз 27 миллиард долларга етгани – тўрт йилдан буён ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро инвестиция форумининг ҳам амалий натижасидир.
Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар самараси халқаро рейтингларда ҳам ўзининг муносиб аксини топмоқда. “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимиз сўнгги беш йилда 48 поғонага юқори кўтарилди. Гарварднинг “Иқтисодиёт мураккаблиги индекси”даги ўрнимиз 28 поғонага яхшиланди. Ўтган ойда нуфузли “S&P” агентлиги Ўзбекистоннинг суверен рейтинги прогнозини “барқарор”дан “ижобий”га оширди”, дейди Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, бугун дунё иқтисодиёти янги давр ва ўзгаришлар остонасида турганини барча яхши тушунади. Бу эса барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатларни қуйидаги тўртта йўналишда ҳамкорликда ишлашга ундамоқда.
Биринчидан, “яшил” иқтисодиёт моделига ўтиш.
Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш учун айнан “яшил” энергетикани ривожлантиришга қаттиқ бел боғлаган. Ўтган қисқа даврда бу соҳага қарийб 6 миллиард доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция кириб келди. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 59 миллиарддан 82 миллиард киловатт-соатга етди. Кейинги беш йилда бу кўрсаткич 120 миллиард киловатт-соатдан ошиб, “яшил” энергия улуши 54 фоизга етади.
Шунингдек, электр тармоқларини янгилашга ҳам 4 миллиард доллар жалб қилинади. Бу борада жорий йилда Самарқандда, келгуси йилдан яна 8 та ҳудудда электр тармоқларини хусусий шерикликка берилади.
Бундан ташқари, илк бор “яшил” сертификат ва углерод бирликлари савдоси бошланди. Шу йил глобал углерод бозорларига қўшилиб, “Яшил Ўзбекистон” иқлим инвестициялари платформаси яратилади.
Иккинчидан, рақамли технология ва сунъий интеллект иқтисодиётнинг “драйвери”га айланмоқда. Мамлакатда шу йилнинг ўзида IT экспорти 1 миллиард долларга етади. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткични 5 карра ошириш учун салоҳият ҳам, имконият ҳам етарли. Бу ишлар халқаро даражада эътироф этилиб, Сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро индексда Ўзбекистон бир йилда 17 поғонага кўтарилди.
Келгуси йил “Булутли технологиялар” миллий платформаси ишга тушади. Яқин беш йилда хусусий инвесторлар билан бирга қуввати 500 мегаваттдан зиёд 20 та “дата марказ” барпо этилади.
Шунингдек, бой тарих, азалий қадриятлар ҳамда янги креатив ғояларни мужассам этган сунъий интеллектнинг миллий модели ишлаб чиқилади. Бу тизим самарадорлигини таъминлаш учун “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси бошланди.
“Ишончим комил, сизлар билан биргаликда Ўзбекистонни нуфузли IT ва Fintech хабига айлантирамиз”, деди Президент.
Учинчидан, бугунги шароитда молиявий тизим ва технологиялар кескин ўзгармоқда.
Яқинда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки билан бирга Ўзбекистон молия сектори илк бор комплекс баҳолашдан ўтказилган. Улар банк, молия, суғурта, капитал бозоридаги ислоҳотларини тўлиқ қўллаб-қувватлади. Бу соҳаларни кейинги ривожланиш босқичига олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистонда Молиявий барқарорлик кенгаши ташкил этилади, Марказий банкда киберхавфсизлик ва молиявий технологиялар платформалари ишга туширилади.
“Суғурта тизимида ҳам катта ислоҳотларни бошладик. Миллий қайта суғурталаш компанияси ва Глобал қайта суғурталаш рақамли платформаси ташкил этилди.
Стартаплар учун муқобил молиявий инструмент – венчурлар бизда тез ривожланиб боряпти. Мисол учун, ўтган йили 2 та стартап компаниямизнинг қиймати илк бор 1 миллиард доллардан ошди. Бундай компанияларни албатта кўпайтирамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, шу боис “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Келгуси беш йилда венчур ва бошқа муқобил сармоялар ҳажмини 1 миллиард долларга олиб чиқилади.
Яна бир йўналиш. “Тўртинчи саноат инқилоби” “технологик минераллар”га талабни бир неча карра кўпайтирмоқда.
“Ўзбекистонда вольфрам, молибден, магний, литий, графит, ванадий, титан ва бошқа минералларнинг катта захираси аниқланган. Умуман, ер ости бойликларимизнинг салоҳияти 3 триллион долларга баҳоланмоқда”, деди Мирзиёев.
Таъкидланишича, минтақнинг минераллардан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш “хаби”га айланиши учун барча имкониятлар мавжуд. Бу борада Тошкент ва Самарқанд вилоятларида “Келажак металлари технопарки” бунёд этилмоқда.
“Шу ўринда бир ташаббусни илгари сурмоқчиман: бу соҳада геология-қидирув ишларидан бошлаб, тайёр маҳсулот занжирини йўлга қўйган инвесторларга ўн йил давомида рента солиғи қайтариб берилади.
Ишончим комил, сизлар билан узоқ муддатли самарали алоқаларимиз айтиб ўтилган барча йўналишларда ўзаро манфаатли бизнес ҳамкорликка айланади”, деди Президент.
Маълумот учун, бугунги форумда 7,5 мингдан ортиқ делегат, жумладан, 100 га яқин давлатдан салкам 3 минг нафар хорижий меҳмон иштирок этмоқда. Улар орасида Болгария Президенти Румен Радев, Словакия Бош вазири Роберт Фицо, Қозоғистон Бош вазири Ўлжас Бектенов, Қирғизистон Ҳукумати раиси Адилбек Қосималиев, Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов, Россия Федерацияси Ҳукумати раиси ўринбосари Александр Новак, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нокергули Атагулиев, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, Янги ривожланиш банки президенти Дилма Русеф, шунингдек, Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, араб давлатлари ҳамда Европа, Осиё ва Африка минтақаларидан келган нуфузли делегациялар ҳам бор.
Live
Барчаси