Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари ортиб бормоқда – Бош прокуратура

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги ПФ–5421-сон Фармонига мувофиқ, ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича 2019 йил 1 майга қадар умумдавлат акцияси ташкил этилган эди. Ушбу акция доирасида ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш ҳақида Давлат хизматлари марказларига 932 748 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 574 213 таси қаноатлантирилган. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Шунингдек, турар жойи аҳоли пунктларининг бош режалари лойиҳаларига тўғри келмаганлиги, шаҳарсозлик нормаларига риоя этилмаган ҳолда қурилганлиги, улар табиий хавфи юқори бўлган ҳудудда жойлашганлиги ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузганлиги сабабли 179 824 таси рад этилган.

Қолган 178 711 та мурожаатни кўриб чиқиш давом этмоқда.

“Соҳада амалга оширилган чора-тадбирлар, яратилаётган қулай шарт-шароитларга, шунингдек, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга доир жавобгарлик кучайтирилганлигига қарамасдан ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар сони ошиб бормоқда”, дейилади хабарда.

Масалан, Тошкент вилоятида ердан фойдаланишга оид қонунлар ижроси ўрганилганда, 2019 йилнинг декабрь ойида 9 169 та ҳолатда 1 203 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгалланган. Бундан ташқари, 3 753 та ҳолатда 364 гектар ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилиш қилинганлиги аниқланган. Бундай салбий ҳолатлар республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилаётгани маълум бўлган.

Сарвар Раҳимов
 


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг