Ереванда Арманистоннинг КХШТдан чиқиши учун митинг ўтказилди
Олам
−
19 Сентябрь 2022
8822Кеча, 18 сентябрь куни Арманистон пойтахтида бир неча юз киши мамлакатнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқишини қўллаб кўчага чиқди. Акция иштирокчилари орасида Ғарб жамғармалари томонидан молиялаштириладиган ташкилотлар ходимлари, шунингдек, “Миллий бирлашган қутб” партияси аъзолари ҳам бор, деб ёзади Россиянинг асосий ахборот тарқатувчиларидан бири ТАСС.
“Озодлик” майдонида ўтган митинг маҳаллий порталлар томонидан трансляция қилинган. Намойишчилардан бири, социолог Карен Саркисяннинг фикрича, Арманистон КХШТдан чиқмагунича, расмийлар ҳақиқий иттифоқчилар билан мамлакат хавфсизлигини таъминлаш имкониятлари бўйича музокараларни бошлай олмайди.
Акция Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги қуролли можаронинг кескинлашуви ва АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Ереванга ташрифи фонида штказилди.
Аввалроқ арман сиёсатшуноси Эдгар Элбакян Пелосининг Арманистонга сафарини мамлакатни Россия Федерацияси таъсир доирасидан олиб чиқишга уриниш сифатида баҳолаган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг "провокациялари"га жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди, бироқ Арманистон ўқ узиш давом этаётганига ишора қилмоқда.
Тўқнашувларда аввалига Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.
Арманистон Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказди, унда Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартнома, шунингдек, КХШТ ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши қоидаларидан фойдаланиш учун Россиядан ёрдам сўрашга қарор қилинди.
LiveБарчаси