Ер юзида энг тез исиётган ҳудуд маълум бўлди
Олам
−
31 Июль 2021
24805Арктикада ҳарорат Ернинг бошқа қисмларига қараганда тезроқ кўтарилмоқда, бу жараён сайёрадаги об-ҳаво учун салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳақда Иқлим инқирозлари бўйича маслаҳат гуруҳи ҳисоботида маълум қилинган.
“Арктика глобал ҳароратнинг кўтарилишидан кўра тезроқ исиб бормоқда. Сўнгги 30 йил ичида Арктика ҳар ўн йилда Цельсий бўйича 0,81 даражага исиди, бу оламдаги бошқа минтақаларга қараганда ўртача уч баравар тезроқ (ҳар ўн йилда Цельсий бўйича 0,23 даража)”, дейилган тадқиқотда.
Шу билан бирга, ҳисобот шуни кўрсатганки, Арктика нафақат дунёдаги энг тез исийдиган минтақа, балки, сайёра иқлимида изчил кетма-кет ўзгаришларга эга бўлган “бошланиш нуқтаси” ҳамдир. Мутахассисларнинг аниқлик киритишича, Арктика бутун Ер сайёрасининг иқлимини тартибга солишга таъсир қиладиган “Ер тизими”нинг 15 та энг муҳим элементларидан биридир.
“Арктикада ҳароратнинг тез исиши ва музларнинг эриши бизнинг об-ҳавода қўшимча ўзгаришларни келтириб чиқарганини истисно қилиб бўлмайди”, дейилган хабарда.
Муаллифлар Арктикадаги бир қанча илгари кузатилмаган ҳодисаларнинг сайёра жанубида жойлашган қисмларига таъсирини тушуниш кераклигини таъкидлаган.
Буюк Британиянинг Иқлим инқирозлари бўйича маслаҳат гуруҳи раиси Дэвид Кинг инсоният бундай муаммоларга дош бера олиши ва тегишли дастурларни амалга ошириш учун беш йил борлигини айтган.
“Агар биз буларнинг барчасини қила олсак, келгуси асрда инсониятнинг хавфсиз келажагига замин яратамиз”, деган у.
Қайд этилишича, Кинг ва бошқа олимлар қутбли ёзнинг уч ойи давомида Шимолий Муз океани узра булут қопламини яратиш орқали “Арктикани яна музлатиш” имкониятини ўрганмоқда. Олимлар сунъий булут қоплами қуёш нурларини қайтариб, қишда катталашган қутб музлари ёзда сақланиб қолишига хизмат қилишидан умид қилмоқда.
“Агар биз буни кейинги 20-30 йил ичида ҳар йили такрорласак, Шимолий Муз океанини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган муз қатламини яратишимиз мумкин бўлади”, деб қўшимча қилган Кинг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь