Ёпиқ эшиклар ортидаги учрашув: Лавров толиблар билан музокара ўтказмоқда

Олам 3484
image

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бугун, 20 октябрь куни Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган “Толибон” ҳаракати вакиллари билан учрашув ўтказмоқда. Музокаралар Москвада бўлиб ўтиши режалаштирилган Афғонистон бўйича Москва форматидаги учрашув олдидан ўтказилмоқда

Таъкидланишича, учрашув ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтмоқда. Унда Россия томонидан Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов ва Россиянинг Афғонистондаги элчиси Дмитрий Жирнов иштирок этмоқда. 

Қайд этилишича, “Толибон” ҳаракати вакилларидан иборат делегация бугун эрталаб Москвага келган. Ҳаракатнинг расмий вакили Забиҳулла Мужоҳидга кўра, Россия пойтахтидаги делегация мамлакат ва умуман минтақанинг хавфсизлик муаммоларини муҳокама қилади. 

Москвадаги маслаҳатлашувлар делегациясига Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбарининг ўринбосари Абдусалом Ҳанафий бошчилик қилмоқда. Унга Афғонистон Ташқи ишлар вазири Амир Хон Моттаки ва бошқа вазирлар ҳам шериклик қилмоқда. 

Маълумот ўрнида, Москва формати 2017 йилда Россия, Афғонистон, Покистон, Эрон, Ҳиндистон ва Хитой махсус вакилларининг олти томонлама маслаҳатлашув механизми асосида яратилган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 121
Рейтинг: 2.9
t
×