Енгил атлетикачилар Осиё чемпионатини бронза медали билан якунлади

Спорт

image

Кеча Қатарнинг Доҳа шаҳрида ташкил этилган енгил атлетика бўйича навбатдаги Осиё чемпионати баҳслари якунланди.

Аввал хабар берганимиздек, мусобақанинг сўнгги кунида уч нафар ўзбек спортчиси қитъа чемпионлиги учун баҳсларга киришди. Жумладан, босқон улоқтириш баҳсларида иштирок этган терма жамоа аъзоси Суҳроб Хўжаев финалда 72 метру 85 сантиметр натижани қайд этди. Бу кўрсаткич унга Осиё чемпионатининг бронза медалини тақдим этди.

Ушбу йўналишда олтин медални тожикистонлик Дилшод Назаров қўлга киритди. У 76,14 метр натижа кўрсатди. Кумуш медаль эса 73 метру 27 сантиметр натижа қайд этган қатарлик Ашраф Элсайфийга насиб қилди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу спортчилар ўтган йили Индонезияда бўлиб ўтган XVIII ёзги Осиё ўйинларида ҳам ғолиблик учун беллашган, ўшанда 1-ўрин қатарлик спортчига насиб этган, Дилшод Назаров ҳамда Суҳроб Хўжаев мос равишда 2-3-ўринни қўлга киритган эди.

Кечаги мусобақаларда Нигина Шарипова (200 метрга югуриш) ҳамда Никита Логинов (узунликка сакраш) баҳсларида совриндорлар сафидан жой олишолмади.

Шу тариқа ушбу Осиё чемпионатида ўзбек спортчиларидан Руслан Қурбонов (уч хатлаб сакраш), Надия Дусанова (баландликка сакраш), Екатерина Воронина (етти кураш) олтин, Светлана Радзивил (баландликка сакраш) ҳамда Суҳроб Хўжаевлар бронза медалини қўлга киритди.


Мақола муаллифи

Теглар

Осиё чемпионати енгил атлетика

Баҳолаганлар

33

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг