ЕИнинг Марказий Осиёда яширин режалари йўқ – ЕИ вакили
Олам
−
22 Май 2023
4466Жорий йилнинг 19 май куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” Иккинчи иқтисодий форуми ўз ишини якунлади. Унда айнан шу кунларда Сиань шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё-Хитой” саммитида эришилган келишувларга мос келадиган шартномалар имзоланди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Форумда иштирок этиш учун Олмаотага Европа Иттифоқидан Европа комиссиясининг савдо ва иқтисодиёт бўйича вице-президенти Валдис Домбровскис, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Ренно-Бассо ва Европа инвестиция банки вице-президенти Тереза Червиньска бошчилигидаги вакиллик делегацияси келган. Шунингдек, унда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан ҳукумат раҳбарлари – Алихон Смоилов, Оқилбек Жапаров ва Қоҳир Расулзода иштирок этган. Ўзбекистон делегациясига эса Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, Туркманистон делегациясига Молия ва иқтисодиёт вазири Сердар Жўраев бошчилик қилган.
Иқтисодий форум сессияларида ҳам, унинг доирасидаги турли мулоқотларда ҳам мамлакатлар делегациялари эришилган келишувлардан жуда мамнун деган таассурот қолдирган.
Молиявий кафолатлар, бизнесни ривожлантириш, Европага транспорт коридори
“Ушбу форум натижалари ҳамкорлигимиз учун кўплаб янги имкониятлар очаётганидан жуда мамнунман. Биринчидан, Европа Иттифоқининг амалдаги молиявий кафолат дастурини Марказий Осиё мамлакатлари учун мослаштириш, иккинчидан, Европа Иттифоқининг ёрдам кўрсатиш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятлари билан минтақанинг рақамли ва сунъий йўлдош алоқаларини ривожлантириш, шунингдек, Европа ва Марказий Осиё ўртасида янги транспорт коридорини яратиш бўйича бошланган қўшма ишлар ҳам муҳим аҳамиятга эга”, деган форумнинг асосий сессиясида сўзга чиққан Еврокомиссия вице-президенти Валдис Домбровскис.
Шунингдек, у Европа Иттифоқи аллақачон Марказий Осиё мамлакатларида ишбилармонлик муҳитининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини оширишга кўмаклашувчи махсус дастур ишлаб чиқишга киришгани, бу эса ўз навбатида, минтақага янги сармояларни жалб қилаётганини қайд этган.
Айтилишича, Марказий Осиё мамлакатлари ҳам Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга умид қилмоқда. Форумда бу борада бир қанча қадамлар қўйилган. Масалан, Қозоғистон Европа Иттифоқи билан бир нечта шартномаларни имзолаган, бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко маълум қилган.
“Биз 2023-2024 йилларга мўлжалланган нодир металлар, яшил водород ишлаб чиқариш ва аккумуляторлар етказиб бериш бўйича ҳамкорлик меморандумини амалга ошириш бўйича йўл харитасини алмашдик. Ушбу меморандумни ўтган йилнинг ноябрь ойида Шарм-ал-Шайхда (Миср) Бош вазиримиз ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен имзолаганди. Энди йўл харитасида Қозоғистон, Еврокомиссия ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қандай қадамлар қўйилиши аниқ кўрсатилди”, деган Василенко.
Хитой ёки Европа?
Олмаотадаги форумда эришилган келишувлар мазмун-моҳияти Сиан шаҳрида деярли бир вақтда ўтказилган “Марказий Осиё–Хитой” форумида имзоланган ҳужжатлар билан ҳамоҳангдир. Олмаотадаги каби улар ўзаро савдони, яшил технологиялар ва рақамли коммуникацияларни ривожлантириш, шунингдек, Марказий Осиёдан жаҳон бозорларига товарлар етказиб беришнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришган. Шунга қарамай, Роман Василенконинг сўзларига кўра, бу икки воқеа бир-бирига қарама-қарши бўлиши мумкин эмас.
“Агар биз ҳақимизда гапирадиган бўлсак, Остонанинг Россия, Хитой, Европа Иттифоқи, АҚШ, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан ҳамкорлигини кенгайтириши Қозоғистон Республикасининг кўп векторли, прагматик сиёсатининг бир қисмидир. Бу асосий тамойилга асосланади, унга кўра Қозоғистон ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилади, тарғиб қилади ва буни барча ҳамкорларимиз нормал қабул қилиши керак”, дейди ТИВ вакили.
Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари делегациялари вакиллари ҳам уларнинг ҳукуматлари ҳам худди шундай “прагматик ёндашув”га эга эканини билдирган.
Иккинчи даражали санкциялар
Олмаотадаги форум доирасида асосан муҳокама қилинган яна бир муҳим мавзу Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларининг 11-пакети доирасида Марказий Осиё мамлакатларига қарши иккиламчи санкцияларни жорий этиш имконияти бўлган. Форум давомида АҚШ томонидан Россияга телекоммуникация электрон компонентлари, саноат автоматлаштириш ва навигация ускуналарини етказиб берувчи Қирғизистоннинг “Tro.Ya” МЧЖ хусусий компаниясига нисбатан санкциялар жорий этилгани ҳақидаги маълумотлар ушбу мавзунинг долзарблигини кўрсатган.
Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси Кестутис Янкаускас эса жорий йилнинг апрель ойи охиридан бошлаб Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати ҳукуматлари санкциялар остидаги товарлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлганини айтган.
“Биз кенг рўйхатларни тақдим этдик. Уларнинг таркибида, биринчи навбатда, ҳозирда Украинадаги жанг майдонида топилган компонентлар мавжуд. У ердаги ракеталар ва дронларда чиплар, ярим ўтказгичлар ва маълум турдаги уй хўжалигида ҳам учрайдиган бошқа бир қатор компонентлар қўлланилади. Кир ювиш машинаси – оқ, тоза, яхши, лекин ундан одамларнинг ўлимига ҳисса қўшадиган қисмлар чиқарилса, буни қабул қилиб бўлмайди. Бундай таъминотни тўхтатиш керак”, дейди Кестутис Янкаускас.
Шунингдек, у Россияга тақиқланган маҳсулотларни етказиб берувчи одамлар бу бизнес тури нафақат ноқонуний, балки ғайриинсоний эканига шубҳа қилмаслигини билдирган.
"Ҳа, балки кимдир бу билан яхши пул ишлашни ўйлаётгандир. Лекин бу худди одам ўлдирганлик учун мукофот таклиф қилингани билан бир хил. Агар бу иккинчи даражали санкцияларга олиб келадиган бўлса, қонуний бизнес буни қилишга арзийдими? Айниқса, ҳозирда инвестициялар, савдо алоқаларини яхшилаш, фойдали шартномалар учун кураш давом этаётган бир пайтда”, деган европалик дипломат.
Янкаускаснинг фикрича, Европа Иттифоқининг ўзаро манфаатли асосда қурилган таклифлари Марказий Осиё мамлакатларида ўз иқтисодиётини ривожлантириш истагида бўлганлар учун энг мақбул ҳисобланади.
“Европа Иттифоқининг бу минтақада яширин режалари йўқ. Бизнинг таклифларимиз ҳамкорлик орқали тинчлик лойиҳасидир. Биз янги технологиялар, савдо ва фаровонликни таклиф қиламиз. Қўшниларингиз ҳозирча урушда. Мана, улар айтганидек, танлов сизники”, дея таъкидлайди Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси Кестутис Янкаускас.
LiveБарчаси