ЕИнинг 11-санкция пакетига жавобан Россия айрим европаликларни мамлакатга киришини тақиқлади
Олам
−
23 Июнь 2023
7773Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларининг ўн биринчи пакети муносабати билан Россия ТИВ баёнот бериб, Ғарб давлатларининг Москвага қарши ҳар қандай нодўстона ҳаракатларига ўз вақтида ва муносиб жавоб беришини билдирди. Тегишли ҳужжат вазирлик сайтида эълон қилинди.
“Европа Иттифоқи бир томонлама чекловчи чоралар орқали Россияга босим ўтказишга уринишда давом этмоқда. 23 июнь куни ЕИ давлатлари ўн биринчи санкциялар “пакети”ни қабул қилди. Биз ЕИнинг бундай хатти-ҳаракатларини ноқонуний, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг халқаро-ҳуқуқий имтиёзларига путур етказувчи, деб ҳисоблаймиз”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.
Билдирилишича, Россия томони “нодўстона ҳаракатлар”га жавобан мамлакат ҳудудига кириши тақиқланган Европа институтлари ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар вакиллари рўйхати сезиларли даражада кенгайтирган.
Гап ЕИ мамлакатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва тижорат ташкилотлари вакиллари, Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишда иштирок этган ЕИга аъзо давлатлар фуқаролари, Россияга қарши санкциялар қўллашга масъул бўлган ва Россиянинг бошқа давлатлар билан муносабатларини бузишга уринган Европа тузилмалари вакиллари ҳақида бормоқда.
“Чекловлар, шунингдек, Россия билан қарама-қарши кун тартибини илгари сураётган Европа Иттифоқи мамлакатлари парламентарийларига ҳам тегишли”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Европа Иттифоқи Россияга қарши 11-санкция пакетини эълон қилган эди. “Қора рўйхат”га Ўзбекистондаги 2 компания ҳам киритилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь