ЕИ вазирлари Эрдўғаннинг талабини муҳокама қилиш учун йиғиляпти
Олам
−
18 Июль 2023 8017 2 дақиқа
Европа Иттифоқи давлатлари Ташқи ишлар вазирлари жорий йилнинг 20 июль куни Брюсселда Туркия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни муҳокама қилади. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Айтилишича, Брюсселда бўлиб ўтадиган вазирлар йиғилишида кун тартибидаги бошқа муҳим масалалар билан бирга Туркия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар кўриб чиқилади.
Аноним қолишни истаган Европа Иттифоқидаги юқори мартабали мулозимнинг билдиришича, Туркия билан муносабатлар Европа Иттифоқи учун энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Унинг сўзларига кўра, Туркиянинг ЕИга кириш жараёни вақтинча тўхтатилганига қарамай, у ҳамон номзод давлат ҳисобланади.
Манбанинг эслатишича, Европа Иттифоқининг сўнгги саммитида мамлакатлар етакчилари Европа дипломатияси раҳбари Жосеп Боррелдан Туркия бўйича ҳисобот тайёрлашни сўраган. 20 июлда бўладиган йиғилишда ҳисобот юзасидан дастлабки фикр алмашилинади.
Қайд этилишича, Европа Иттифоқи БМТ ва Туркияни “дон келишуви” масаласида қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун ҳам Европа Иттифоқи дон йўлаги лойиҳасини узайтириш масаласида БМТ ва Туркия билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида.
Эътиборли жиҳати шундаки, 20 июль куни бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам онлайн иштирок этади.
Келтирилишича, Блинкен иштирокидаги йиғилишда Туркия билан ҳамкорликни, хусусан, Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш аризаси бўйича Анқаранинг қароридан кейинги вазият муҳокама қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Вильнюсдаги НАТО саммити арафасида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Европа Иттифоқи Туркияни ЕИга тўлақонли аъзо қилиш учун ҳаракат қилса, Анқара Швециянинг НАТОга киришини қўллаб-қувватлашини айтганди. Шундан сўнг НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ва Америка Қўшма Штатлари маъмурияти Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишга интилишини қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Президент Жо Байден Туркияга F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш ташаббусини қўллаб-қувватлашини айтди.
Live
Барчаси