ЕИ Ўзбекистон компанияларига ҳам санкция қўлламоқчи
Жамият
−
16 Ноябрь 2023
11567Европа Иттифоқи(ЕИ) 30 дан ортиқ ишлаб чиқарувчилар, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Сингапур ва Россиянинг бир қанча инжиниринг компанияларига қарши санкциялар жорий қилмоқчи. Бу ҳақда “Bloomberg" хабар берди.
Унга кўра, Европа Иттифоқи томонидан эълон қилинадиган 12-санкциялар пакети доирасидаги янги чекловлар Россияга дастгоҳлар, кимёвий моддалар, литий батареялар, термостатлар, двигателлар ва дронлар учун эҳтиёт қисмларни экспорт қилишни тақиқлайди.
Шунингдек, суюлтирилган пропан, чўян ва шпигель (ойна чўян), мис ва алюминий симлар, фольга ва қувурлар импорти ҳам чекланади.
"ЕИ Россия Украинани нишонга олаётган қуролларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган дастгоҳлар ва механизмлар экспортини тақиқлашни таклиф қилди. Янги санкциялар пакетининг асосий ўқи Кремлнинг ЕИ санкцияларини четлаб ўтиш ва ўзининг уруш машинасини озиқлантириш, шунингдек, Москванинг даромад манбаларини қисқартириш қобилиятини янада кучайтираётган компанияларга қаратилади. Шуни ҳисобга олиб иттифоқ Россия бизнеси учун 5,3 млрд долларга тушадиган янги санкциялар киритмоқда", дейилади хабарда.
Аввалроқ Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелль чоршанба куни бўлиб ўтадиган йиғилишда янги пакет лойиҳаси Еврокомиссия томонидан келишилиши, шундан сўнг у Европа Иттифоқи Кенгаши томонидан тасдиқланишини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ЕИ янги санкциялар пакети орқали Россияни олмос савдосидан тушадиган даромаддан маҳрум қилмоқчи экани ҳақида ёзгандик.