ЕИ Сурияга қарши санкцияларни юмшатади

Олам

image

Кеча, 27 январь куни Бельгия пойтахти Брюссель шаҳридаги йиғилишда Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари Сурияга қарши сўнгги бир неча йил давомида амалда бўлган санкцияларни босқичма-босқич юмшатиш режасини келишиб олди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Кая Каллас Х ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди.

“Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари ҳозиргина Европа Иттифоқининг Сурияга нисбатан санкцияларини юмшатиш масаласидаги йўл харитаси бўйича келишиб олди”, дея ёзган у. 

Калласнинг таъкидлашича, агар Суриянинг янги расмийлари нотўғри қадам ташласа, Европа мамлакатлари вакиллари бу қарорни “қайта кўриб чиқиши” мумкин. 

“Euronews”га кўра, ЕИ Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши олдидан ЕИ Кенгаши Сурия бўйича музокаралар учун ҳужжат тайёрлаган. Ушбу ҳужжатда авиакомпанияларга, жумладан Сурия Араб Ҳаво йўллари авиакомпанияларига нисбатан санкцияларни бекор қилиш таклифи билан фуқаролик парвозларини соддалаштириш, шунингдек, нефть ва газ технологияларини экспорт қилишни тақиқлаш бўйича шартномани қайта кўриб чиқиш таклиф қилинган. Қайд этилишича, Башар Асад ва унинг тарафдорларига қарши санкциялар ўз кучида қолади. 

Ушбу ҳужжатларга кўра, "Ҳаят Таҳрир аш-Шом" гуруҳини террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариш масаласи БМТ Хавфсизлик Кенгаши даражасида ҳал этилиши керак.

Маълумот учун, ЕИ 2012 йилдан бери Сурияга қарши иқтисодий санкциялар киритиб келади. Бу асосан Сурия ҳукумати ва ҳарбий тузилмаларига таъсир қилади. Ушбу чора-тадбирлар нефть эмбаргоси, айрим инвестицияларни чеклаш, Сурия Марказий банкининг Европа Иттифоқидаги активларини музлатиш ва репрессия учун ишлатилиши мумкин бўлган асбоб-ускуналар ва технологияларни экспорт қилишни чеклашдан иборат эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ол Сауд АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлардан Сурияга қарши санкцияларнинг бекор қилиниши ҳақида ижобий хабарлар олганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Саудия Арабистони Сурияга нисбатан санкцияларни бекор қилиш масаласида АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар билан фаол мулоқот олиб бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Европа Иттифоқи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг