ЕИ Россиянинг пулларини Украинага беришни режалаштирмоқда – FT

Олам

image

Европа Иттифоқи расмийлари Россиянинг музлатилган маблағларидан олинган фойдани Украинага бериш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди

Қайд этилишича, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва Европа Комиссияси расмийлари кеча, 24 май куни дунёдаги энг йирик молиявий хизматлар компанияси Euroclear'да йиғилиб, Россиянининг активлари музлатилганидан буён унинг йиғилган фоизларини Украинага бериш масаласини муҳокама қилган. 

Украина уруши фонида Ғарбнинг мисли кўрилмаган санкциялари туфайли Euroclear'да Россияга тегишли 196,6 миллиард евролик (211,1 миллиард доллар) активлар музлатиб қўйилган. Бир йил давомида активлар юзлаб миллионлаб долларлик фоизларни келтириб чиқаргани сабабли, ҳисоб-китоб палатаси ушбу маблағларни қайта инвестиция қилган ва расмийлар энди олинган фойдани Киевга ўтказишни режа қилмоқда. 

Баъзи Европа расмийлари эса шунга ўхшаш концепцияни музлатилган Россия активларининг кенгроқ доирасига, жумладан, Люксембургда жойлашган Clearstream ҳисоб-китоб агентлигида музлатилган активларга нисбатан ҳам татбиқ этишга чақирган. 

Москва Ғарбнинг мусодара қилинган активларни Украинага ўтказишга уринишларини халқаро ҳуқуқни бузувчи “варварлик” ҳаракати ҳамда “ўғрилик” деб атаган. Европа Иттифоқининг июнь ойи охирида бўлиб ўтадиган сессиясида Россиянинг музлатилган активларини Украинанинг урушда кўрган зарарини қоплаш учун сарфлаш масаласи кўриб чиқилиши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ G7 давлатлари Хиросимадаги саммитда Россиянинг ушбу мамлакатларда сақланаётган музлатилган активларини Украинадаги можаро ҳал этилмагунга қадар қайтармасликка келишиб олган эди. Шунингдек, 2022 йилнинг ноябрь ойида Европа Иттифоқи Россиянинг яна 68 миллиард евролик активларини музлатиб қўйганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Иттифоқи музлатилган маблағлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг