ЕИ давлатлари Лавровнинг самолётини муаллақ қолдирди
Олам
−
06 Июнь 2022
17035Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова вазир Сергей Лавровнинг самолётига Сербия атрофидаги мамлакатлар ҳаво ҳудудига кириш тақиқланганини тасдиқлади. Бу ҳақда у кеча, 5 июнь куни кечқурун Италиянинг “La7” каналидаги “Не Арена” ток-шоусида айтиб ўтди.
“Сиз каналларни очиш ҳақида гапиряпсиз, биз [алоқа имкониятларидан] фойдаланамиз ва бир соат олдин Сербияни ўраб турган давлатлар Сербияга бориши керак бўлган Сергей Лавровнинг самолёти учун табиий ҳаво каналини ёпиб қўйишди. Россия делегацияси Белградда музокаралар олиб бориши керак эди, Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо давлатлар ҳаво ҳудудини ёпдилар. Бу бошқа ёпиқ алоқа канали”, дейди Захарова. Унинг таъкидлашича, алоқа узилишининг ташаббускори Россия Федерацияси эмас, Ғарбдир.
Аввалроқ Сербиянинг “Večernje novosti” газетаси Болгария, Шимолий Македония ва Черногория Лавровнинг Сербияга йўл олиши керак бўлган самолёти учун ҳаво коридорини беришдан бош тортгани ҳақида хабар қилган эди.
Маълумот ўрнида, 25 февраль куни Россия томонидан Украинага нисбатан ҳарбий тажовуз бошланиши муносабати билан ЕИ иккинчи чора-тадбирлар пакетини келишиб олди. Санкция рўйхатига 78 нафар россиялик, жумладан, Россия Президенти Владимир Путин ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (уларнинг ЕИга кириши тақиқланмаган, бироқ уларнинг активлари Европа Иттифоқи банкларида топилса, музлатиб қўйилади), Бош вазир Михаил Мишустин, Украинадаги ҳарбий операцияни қўллаб-қувватлаган Давлат думаси депутатлари ва Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши аъзолари киритилган.
LiveБарчаси