Еб семирмаслик ва еб озиш ҳақиқатми? Мутахассис нима дейди?

Саломатлик

image

“Кўп есам ҳам семирмайман” дейдиган танишлар деярли ҳаммамизда бор. Кузатиб амин бўламиз, уларнинг гапи – ҳақиқат. Баъзилар эса кам овқат ва кўп ҳаракат билан ҳам вазн йиғишда давом этаверади ва “сув ичсам ҳам семираман” дея нолийди. Хўш, бунга сабаб метаболизм (моддалар алмашинуви)ми ёки генетика? Парҳезсиз ҳам вазн йўқотиш мумкинми? Буни тушуниш учун анатомия борасида бироз чуқурроқ ўйланиш керак.

Моддалар алмашинуви нега муҳим?

Россиялик фитнес-тренер Наталья Новикованинг сўзларига кўра, инсон ортиқча вазн олмаслиги учун аввало яхши метаболизм керак, яъни организмнинг барча: лимфа, гормонал, асаб, қон айланиш, мушак ва таянч-ҳаракат тизимлари уйғун ишлаши зарур. Вазн ортмаслиги, сув ва ёғ тўпланиб қолмаслиги учун яхши ҳужайравий алмашинув бўлиши керак, бу эса бутун тананинг соғлом ишлашига боғлиқ.

Спорт ва тўғри нафас олиш машқлари орқали метаболизмни яхшилаш (тезлаштириш) мумкин. Натижада ёғ тўпланмайди ва парҳезларга эҳтиёж қолмайди.

Моддалар алмашинувини фаоллаштириш учун тўртта асосий восита мавжуд:

Спорт билан шуғулланиш

Заиф мушак корсети (танани ушлаб турувчи мушаклар мажмуаси) ички органларга керакли босим ёки массажни таъминлай олмайди. Спорт ва биологик жиҳатдан тўғри нафас олиш мушакларнинг эластиклигини оширади ва ички органларга фойдали массаж таъсирини кўрсатади. Мунтазам спорт билан шуғулланиш тўйиш гормони – лептин ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради. Жисмоний машқлар мушаклар фаолиятини фаоллаштиради ва тиклайди, бу эса лимфа тизимига ёрдам беради. Айнан мушаклар ҳаракати туфайли лимфа юқорига қараб силжийди. Агар лимфа тизими яхши ишламаса, ҳужайраларнинг чиқинди маҳсулотлари организмда тўпланиб қолади ва бу жигар, ичак ва буйракларга ортиқча юк бўлишига олиб келади.

Ортиқча овқатланиш ва очлик ҳисси билан боғлиқ муаммоларга қайтадиган бўлсак, айтиш мумкинки, кўпчилик одамлар ўзи сезмаган ҳолда кўп овқат ейди, чунки тўйганлик ҳисси йўқ. Бу ҳолатга сабаб бўлувчи муаммолардан бири – ошқозон чўзилиши. Ошқозонни биринчи бўлиб фассия (бириктирувчи тўқима)лар, сўнг мушаклар, ундан сўнг ёғ қатлами ва тери қоплайди. Қизиқарли факт: ошқозон кўп ҳолларда айнан мушак корсети заифлиги туфайли чўзилади.

Тўғри ҳолатни сақлаш, бўғимлар ҳаракатчанлигини тиклаш ва умуртқа бўйлаб ҳаракатни тенг тақсимлаш

Баъзида қизлар озғин бўлса ҳам, ёнбош, сонлар, тиззалар усти ва қорин пастида ёғ тўпланиши ёки думғаза мушакларида бўшашиш (осилиш) пайдо бўлиши мумкин. Бундай пайтда спорт билан шуғулланилса ҳам, ўзгариш бўлмаслиги мумкин. Ёғ бу зич тузилмали хавфсизлик ёстиқчаси бўлиб, айнан ҳаракат чекланган жойларда пайдо бўлади.

Масалан, сонлардаги ёғ сон-бўғимларининг ҳаракатчанлиги чекланганини англатади. Организм ёғ тўплаш орқали ушбу бўғимлар ва умуман танани ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.

Сон ва бел соҳасидаги ёғлар эса – тос туби мушакларининг ёмон ишлаётганидан далолат. Бу ҳолат бел соҳасини ҳимоя қилиш учун ёғ қатламининг кўпайишига олиб келади, чунки тос бўғимлари ва кўкрак умуртқа қисмининг ҳаракатчанлиги чекланган бўлади.

Тиззадаги ёғ қатлами эса тўпиқ ва тос бўғимларидаги ҳаракат чеклангани сабабли уларни ҳимоя қилиш учун пайдо бўлади.

“Бева аёл тўпчаси” деб аталадиган хунук бир кўринишда эса бўйин орқа соҳасида ёғ йиғилади. Чунки бўйин ҳаддан ташқари ҳаракатчан бўлиб, ўзига керак бўлмаган юкламани олади. Елкалар ҳаракатсиз, кўкрак соҳаси чекланган, оқибатда қўлларга тегишли юклама бўйин соҳасига тушади.

Тўғри ва тўлиқ нафас олиш

Инсон миясининг асосий вазифаси бу – тирик қолиш. Стресс ҳолатида тана кучайтирилган режимда ишлайди, мия эса буни ҳаёт учун хавф деб қабул қилади. Агар парасимпатик (дам олиш учун жавобгар) тизим тўғри ишламаса, яъни одам дам олмаса, бу ҳолат мияда доимий хавф сифатида қайд этилади. Оқибатда, организм ёғ тўплайди, истеъмол қилинаётган овқат ҳазм бўлмайди, балки захира сифатида йиғилади. Мана шунинг учун ҳам қайғу одамни семиртиради, дейишади.

Парасимпатик тизимнинг тўғри ишлаши стресс даражасининг камайишига олиб келади. Нафас олиш машқлари, нафас ҳамда тос диафрагмаларининг уйғун ишлаши асаб тизимини рағбатлантиради, бу эса стрессга чидамлиликни оширади.

Тўғри нафас олиш нафақат парасимпатик тизимни фаоллаштириб, танани тинч ҳолатга олиб келади, балки ичак фаолиятини ҳам яхшилайди. Натижада ҳазм қилиш жараёни ва ўт пуфаги фаолияти яхшиланади. Шунингдек, тўғри нафас олиш орқали гипофиз ва гипоталамус фаолияти жадаллашади, бу эса гормонлар ишлаб чиқаришга жавобгар тузилмалардир.

Уйқуни тўғрилаш

Уйқу стресс даражаси ва кортизол гормонини камайтиришда жуда муҳим роль ўйнайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, агар инсон кунига етти соатдан кам ухлайдиган бўлса, кортизол даражаси ортади, тўйганлик гормони камаяди, бу эса юқори углеводли ҳамда ёғли овқатларга бўлган иштаҳани кучайтиради.

Кўп сув ичиш ҳақидаги афсона

Қанча истасангиз, шунча сув ичишингиз мумкин, бироқ танадаги тўқима (мушак)лар ёпишиб қолган бўлса, ҳатто 10 литр сув ҳам уларни ажрата олмайди. Чунки мушакларгача сув етиб бормайди. Шунинг учун ҳаракат ва фаол турмуш тарзи озишнинг энг муҳим омили ҳисобланади. Кунига 1–2 литр тоза сув ичиш етарли бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

семизлик Моддалар алмашинуви сув ичиш метаболизм

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг