Еб қўйган, ўғирлик қилган, ҳаром юрган жойимиз йўқ – Сардор Раҳимхон гап-сўзларга жавоб қайтарди
Интервью
−
28 Апрель 2022
26646“Юрак амри” хайрия жамоат фонди асосчиси Сардор Раҳимхон қўшиқ айтиб юрган кезлари кунига 3-4 минг АҚШ доллари даромад топган ва шунга қарамай, у соҳадан кетиш йўлини танлаган. Бугун эса фонд фаолияти, унга келиб тушаётган маблағларнинг тўғри ва мақсадли сарфланишига шубҳа билдираётганларга, фонд очишдан аввал ҳам, ундан кейин ҳам битта уйи иккита бўлмагани, машинасини ўзгартирмагани, аксинча, фондга келиб тушаётган пуллар қилинаётган хайрли ишларнинг бор-йўғи 30-40 фоизини ташкил этиши айтди. Бу ҳақда у QALAMPIR.UZʼга берган эксклюзив интервьюсида сўз очган.
“Ҳисоб рақамимизга тушадиган пулларга кўпчилик шубҳа билан қарайди. Нимадирлар дейди. Фитначилар, кимларнингдир фойдасига ишлайдиган троллар, интернетда сохта профиллар билан изоҳ ёзадиганлар, ҳар хил фитна мақолалар чиқарадиганлар бор. Уларнинг ҳаммасини кимга, кимнинг манфаати учун ишлашини биламиз. Лекин ҳар қандай ҳолатда Роббимизнинг, халқнинг, эҳсон берувчиларнинг олдида юзимиз ёруғ”, дейди лойиҳа асосчиси.
Суҳбат давомида Сардор Раҳимхон “Жаннатдаги қасрлар” лойиҳасида бунёд бўлган 30 уйнинг биринчи ғишти қўйилишидан то охиригача саховатли одамлар ёрдам бериб келганини айтаркан, уйларга сарфланган маблағларнинг ёки уй жиҳозларининг 60-70 фоизини одамлар йўналтирган пуллар эмас, аксинча, лойиҳа фаолларининг яқинлари берган мебель, уй жиҳозлари, техникалар, гиламлар ташкил этаётганини айтди.
“Қилинган ишларнинг ҳаммасини сарҳисоб қиладиган бўлсак, уйларнинг қурилишига сарфланган маблағнинг 40-30 фоизинигина ҳисоб рақамларимизга тушган пуллар ташкил этади. Қолган ҳаммаси далолатдир. Қолган 70-60 фоизи далолат билан. “Юрак амри”даги ҳамма фаол йигитларнинг ишбилармон, тадбиркор, бой яқинларимиз, танишларимиз бор. Эринмасдан, бетимизни сидириб бўлса ҳам шу яхшилик бўлсин, бита қолсин деб, қўнғироқ қиламиз. “Ака, мана бунақа камчилигимиз бор. Ёрдам беринг. Мана бунга пул етмаяпти, озгина мана бунга ёрдам беринг”, деймиз. Шундай қилиб бу ишлар бунёд бўлди”, дейди у.
Сардор Раҳимхон сўзида давом этаркан, санъат соҳасида фаолият юритган вақтларини эслаб, кунига 3-4 минг доллар топгани, бугунги кунда одамларнинг муҳтожларга қилган хайрия пуллари унинг шахсий манфаатлари учун қизиқ эмаслигини таъкидлади.
“Хабарингиз бор, олдинги соҳамда ҳам ҳеч кам бўлмаганман. Машҳурлик чўққисида юрган инсон бўлганман. Буни очиқ-ойдин айтадиган пайт келиб қолди. Кунига 3-4 минг доллар топган санъаткор бўлганман. Шу нарсадан воз кечиб кетган инсонман. Мен у пулга қарамайман. Менга пул қизиқ эмас. Мен ҳаётнинг асл моҳиятини, мақсадини аниқ топган инсон сифатида, бу ишга киришяпман. Агар менга бу нарса қизиқ бўлганида, мен олдинги ишимдан кетмаган бўлар эдим. Қолаверса, бу ишнинг асосий барокати – ҳалолликда. Ҳалоллик бор жойда барокат бўлади”, дейди Сардор Раҳимхон.
Шунингдек, у “Юрак амри” хайрия жамоат фонди фаолиятига нисбатан гумонда ва шубҳада бўлаётган инсонларга хотиржамлик тилаб, фонд фаолиятида ҳаром ишларга йўл қўйилмаганини айтди.
“Шубҳа қилишдан олдин, келинг, бир кун меҳнат қилинг. Ичига кириб кўринг. Кейин қалбингиз хотиржам бўлади.“Бекор қилибман”, дея афсус-надомат билан тавба қиласиз. Яна бир бор таъкидлаб айтаманки, сизлар эҳсон қилаётган пуллар бу бўлаётган ишларнинг 30-40 фоизини ташкил этади. Қолган ҳаммаси далолат билан. Хотиржамлигимнинг сабаби шундаки, бизнинг еб қўйган, ўғирлик қилган, ҳаром юрган жойимиз йўқ. Шунинг учун хотиржаммиз. Инсон қачон саросимага тушади? Қачонки, айби бўлса. Шунинг учун биз қанақадир негативлар, фитналарга жавоб қайтармаймиз. Бизнинг жавобимиз – сукут. Индамаслик билан, ишимизда давом этиб, уларни енгамиз.
Аллоҳ сизларга инсоф берсин. Ҳаммамиздан қолиб кетадиган дунё… Мен лойиҳани очганимда ҳам Себзорда биттагина уйим бор эди, ҳозир ҳам шу биттагина уйда яшайман. Лойиҳа бошланганда ҳам ўша машинада эдим. Лойиҳа икки йилдан буён давом этаётган бўлса, ҳали ҳам ўша-ўша машинадаман. Бизнинг ичимиздан кир қидирманг”, дейди “Юрак амри” хайрия жамоат фонди асосчиси.
Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ ижодий жамоаси Бўка туманига бориб, “25+” лойиҳаси асосида қурилган уйлар билан танишди. Шунингдек, лойиҳа муаллифи Сардор Раҳимхон билан эксклюзив суҳбат уюштиришга муваффақ бўлди. Ушбу видеоинтервюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZʼнинг YouTubeʼдаги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси