Яшнобод ҳокими ўринбосарининг кўзбўямачилигига чора кўрилди, ҳақиқат юзага чиқди!

Жамият 23578

QALAMPIR.UZ`да Яшнобод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод  Зуфаров ва туман Мактабгача таълим бўлими бошлиғи Вилоят Акромованинг телефондаги ўзаро суҳбати акс этган аудионутқ бўйича журналистик суриштирув эълон қилинган эди

Унда Яшнобод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод  Зуфаров ва туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи Вилоят Акромованинг телефондаги суҳбати акс этганди. Аудионутқда ҳоким ўринбосари Ш.М.Зуфаров туман МТ бўлими мудири В.Акромовага омборни тўлдириб қўйиш кераклиги, текширув келиб-кетгач, маҳсулотларни МТМ мудиралари уйига олиб кетиши мумкинлигини айтган.

Мазкур ҳолат юзасидан эълон қилинган мақоладан кейин, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 5 июль куни QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган аудиоёзув ва мақола бўйича ўрганиш олиб бораётгани, махсус комиссия тузилганини маълум қилди.

Олиб борилган ўрганишлар бўйича Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Элбек Шукуров QALAMPIR.UZ`га Яшнобод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод  Зуфаровга ҳайфсан берилганини маълум қилиб, расмий мактуб йўллади. Унда шундай дейилади:

"Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан QALAMPIR.UZ интернет нашрининг 2019 йил 5 июлдаги 0-15-19-сонли мурожаати урганиб чиқилди. Хусусан, Яшнобод тумани Мактабгча таълим бўлими мудири В.Акромова ва туман ҳокимининг ўринбосари Ш.Зуфаровларнинг аудионутқлари интернет тармоқларида кенг тарқалгани ва бу борада аҳоли ўртасида шу кунгача муҳокама этилаётгани юзасидан манфаатдор бошқармалар, тузилма таркибига кирувчи бўлинмалар ўртасида муҳокама этилди ва бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тушунтиришлар берилди. 

Шунингдек, туман ҳокимининг ўринбосари Ш.Зуфаровга жорий йилнинг 22 июль куни 320-фк сонли Яшнобод тумани ҳокимининг фармойишига асосан интизомий жазо чораси кўрилди ва Тошкент шаҳар Мактабгача таълим бош бошқармасининг 2019 йил 9 июлдаги 12-сонли йиғилиш баёни ҳамда Яшнобод тумани Мактабгча таълим бўлими мудири В.Акрамованинг тушунтириш хатига асосан ўз ваколати доирасида кўриб чиқиш ва интизомий жазо чорасини кўллаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига 2019 йил 26 июлда 07-1046 сонли хат билан мурожаат қилинганлигини маълум киламиз”. 

Қизиғи шундаки, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарларининг мажбурий меҳнат ва хизмат вазифасига кирмайдиган ишларга жалб этиш каби топшириқларидан ўз ходимини ҳимоя қилиш, адолатсизликка қарши тиш-тирноғи билан курашиш биринчи навбатда Мактабгача таълим вазирлигининг вазифаси ва мажбурияти. QALAMPIR.UZ қўлидаги бир неча далиллар ва аудиоёзув билан Мактабгача таълим вазирлигига мурожаат қилиб, ҳудудлардаги МТТ мудиралари ва туман Мактабгача таълим бўлими бошлиқлари ҳимоясига отланган бир пайтда вазирлик вазиятда беписанд муносабатда бўлди. Воқеалар далиллар билан исботланса ҳам, уни рад этишдан, бундай ҳолат қайд этилмаган деб ёлғон баёнот беришдан тап тортмади. Биз вазирлик раҳбариятини бир неча бор таҳририятга таклиф этдик, қўлимизда оммага эълон қилиб бўлмайдиган далиллар борлигини маълум қилдик. Аммо, вазирлик билганидан қолмади. Оқибат-чи? Оқибат нима бўлди? Ҳақиқат ўртага чиқди. Агар ҳаммаси МТВ таъкидлаганидек рисоладагидек бўлганда, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз ходимига шундай чора қўллармиди? 

Ачинарлиси, QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова Мактабгача таълим вазир Агриппина Шин ушбу масалада юзланганда вазир ҳолатни яна рад этганди

“Бу хабар зудлик билан ўрганилди. Тумандаги МТМлар мудирлари билан йиғилиш ўтказдик. Уларнинг кўрсатмасига атрофидагилар таъсир ўтказмаслиги учун индивидуал суҳбатлар ҳам бўлди. Вилоят Акромова билан суҳбатда воқеаларнинг тўлиқ изчиллиги тикланди. Узоқ давом этган суриштирувдан кейин бирорта мудира сохта маҳсулот сотиб олмагани аниқланди. Кўпчилик ўша аудио Telegram`даги гуруҳга жуда кеч юборилганини, унда айтилганларни бажаришга улгурмаганини билдирди. Уларнинг аксарияти аудиохабар узунлиги сабаб уни охиригача эшитмаганини ва унда маҳсулот сотиб олиш кераклиги айтилганини билмаган. Боғча мудиралари тасвирга олиш ишлари бўлиши айтилгани, ҳудуд тартибга келтирилиши кераклиги ҳақида кўрсатма келганини айтди”, деган эди саволга жавобан МТВнинг Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Елена Герасимовна Тен.

Эртами-кечми ҳақиқат юзага чиқди! Албатта, биз ҳоким ўринбосарининг лавозимидан олинишини кутмагандик. Зотан, бунга ишончимиз юздан 2-3 фоиз эди. Боиси, туман, шаҳар ҳокимликларида ваколатли лавозимларда ишлайдиган айрим раҳбарларнинг ижтимоий соҳа ходимларига бундай тазйиқ ўтказишлари тез-тез учраб туради ва бу учун улар ишдан олинаверса, анчагача курсилар бўш қолади. Ҳар ҳолда ҳоким ва ҳоким ўринбосари ишлаб чиқарадиган заводимиз йўқ! Аксинча, уларни тарбиялашимиз керак! 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 161
Рейтинг: 3
t
×
×