Япониянинг янги Бош вазири ҳам Ким Чен Ин билан учрашмоқчи
Олам
−
17 Октябрь
3349Япониянинг янги Бош вазири Сигэру Исиба Шимолий Корея разведкаси томонидан ўғирлаб кетилган Япония фуқаролари муаммосини ҳал қилиш учун КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан учрашишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда у ўғирланганларнинг оилалари билан учрашувда маълум қилди.
"Икки давлат раҳбарлари катта расмни кўришлари ва бир-бирларига бу масала бўйича ўз позицияларини очиқчасига билдиришлари жуда муҳим", деди Бош вазир.
Қайд этиш жоизки, парламентдаги биринчи асосий нутқини сўзлаган Исиба ўзидан олдингилардан фарқли ўлароқ, Ким Чен Ин билан учрашишга тайёрлигини тилга олмаганди.
Шимолий Корея разведка хизматлари томонидан японларнинг ўғирланиши мавзуси расмий дипломатик алоқаларни сақлаб турмаган икки давлат ўртасидаги муносабатлардаги энг оғриқли мавзулардан бири ҳисобланади.
2002 йилда Пхеньян биринчи марта 13 нафар япон фуқароси ўғирланганини тан олди ва улардан 5 нафарига ўз ватанига қайтишга рухсат берди. Қолганлари ўлган деб эълон қилинди, қолдиқлари қариндошларига жўнатилди, уларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаб бўлмади.
2014 йил май ойида Япония ва Шимолий Корея ҳукуматлари япон фуқароларининг ўғирланиши бўйича янги тергов ўтказишга келишиб олди, бироқ бу билан шуғулланган комиссия кейинчалик Пхеньян ташаббуси билан тарқатиб юборилди.
Шимолий Корея етакчисининг синглиси Ким Ё Чен 26 март куни Пхеньян Токио билан ҳар қандай музокараларни рад этишини айтди. Унинг таъкидлашича, Пхеньян Токионинг ўғирланган япон фуқаролари масаласидаги позицияси сабабли Ким Чен Ин ва Япониянинг ўша пайтдаги бош вазири Фумио Кисида ўртасида учрашув ўтказишдан манфаатдор эмас.
Ким Чен Иннинг синглиси Япония “ядро ва ракета муаммолари” каби иборалар ёрдамида КХДР суверенитетини шубҳа остига қўйишга уринаётганини таъкидлади.
“Бундан ташқари, Токио Пхеньяннинг ўғирланган япон фуқаролари масаласи ҳал этилгани ҳақидаги позициясига қўшилмайди”, дея хулоса қилган Ким Ё Чжон.
Маълумот учун, собиқ бош вазир Синдзо Абэ биринчи марта 2018 йилда КХДР етакчиси билан ҳеч қандай шартларсиз учрашиш ниятида эканини билдирган, шундан сўнг бу позиция Япония ҳукумати учун мос бўлди. Ўшанда ҳатто Япония бош вазирининг КХДРга ташрифи эҳтимоли ҳам муҳокама қилинган, бироқ у ҳеч қачон амалга ошмаган.
Ўтган йили Фумио Кисида ҳам ўғирлаб кетилган фуқаролар масаласини ҳал қилиш учун Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан шахсий учрашув ўтказишга тайёрлигини маълум қилди. Лекин бу сафар ҳам учрашув бўлмади.