Японияда зилзила содир бўлди. Цунами хавфи эълон қилинди (видео)

Олам

image

Япониянинг учинчи энг йирик ороли Кюсюнинг жанубидаги Миязаки префектурасида 6,9 магнитудали зилзила содир бўлди ва цунами хавфи эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат метеорология агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, зилзиладан сўнг Кюсюнинг шарқий соҳилларига ва унинг шарқида жойлашган Сикоку оролига баландлиги 1 метргача бўлган цунами етиб келган. Жабрланганлар ва моддий зарар ҳақида маълумот берилмаган. Айрим ҳудудларда цунами баландлиги 20 сантиметрни ташкил қилган.

Шунга қарамай маҳаллий ҳукумат аҳолига дарҳол қирғоқ чизиғидан узоқлашишни ва ёнғинга оид эҳтиёт чораларини кўришни қатъий тавсия қилмоқда. Зилзила муносабати билан Япония Бош вазири офисида инқироз штаби ташкил этилган.

Маълумотларга кўра, зилзила ўчоғи Кюсюнинг жануби-шарқий қирғоқларида – 30 км чуқурликда жойлашган. Ҳудуддаги икки ядро электр станциясида ҳеч қандай муаммолар аниқланмаган. Автомобиль ҳаракати одатдаги режимда давом этмоқда.

Шу билан бирга, Европа-Ўртаер денгизи сейсмологик маркази зилзила магнитудасини 6,7 деб баҳолаган. Уларнинг маълумотига кўра, зилзила эпицентри Миязаки шаҳридан 10 км шарқда жойлашган бўлиб, шаҳарда 311 минг киши истиқомат қилади. Зилзила ўчоғи 37 км чуқурликда бўлган.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Японияда 6,0 магнитудали зилзила содир бўлган эди. Зилзила эпицентри Тинч океанидаги олис Тори ороллари ҳудудида бўлган. Зилзила ўчоғи 420 км чуқурликда жойлашган. Маҳаллий ҳокимият зилзила оқибатида содир бўлган вайронагарчиликлар ва вафот этганлар ҳақида маълумотларни тақдим этмаган. Шунингдек, цунами хавфи ҳам эълон қилинмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония Цунами зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг