Японияда тўрт императорни кўрган энг кекса эркак вафот этди
Олам
−
10 Февраль 5414 1 дақиқа
Япониянинг энг кекса эркаги Мизуно Киётака 111 ёшида вафот этди. Бу ҳақда мамлакатнинг NHK давлат телеканали хабар берди.
Маълумотларга кўра, 1914 йил 14 мартда туғилган Мизуно Токио яқинидаги Сизуока префектурасининг Ивата шаҳрида ёш билан боғлиқ сабабларга кўра ҳаётдан кўз юмган.
“Ивата шаҳри Мизунонинг вафотидан чуқур қайғуда. У узоқ умр ва соғлом ҳаёт тимсоли сифатида қабул қилинар эди”, дея Ивата шаҳар ҳокими Кусачи Хироаки баёнот берган.
Мизуно Киётака Япония замонавий тарихида тўрт император – Тайсё, Шова, Ҳейсей ва Рэйва даврида яшаган. Умрининг сўнгги йилларини у ўғли билан бирга Какешита ҳудудидаги уйида ўтказган.
Шаҳар ҳокимияти маълумотига кўра, қарийб 50 йил давомида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланган Мизуно юришдан ташқари деярли ҳеч қандай ёрдамга муҳтож бўлмаган ва кунига уч маҳал овқатланган. У 2024 йил август ойида “Япониянинг энг кекса эркаги” унвонига сазовор бўлган.
“Билмайман. Бундай узоқ яшайман, деб ҳеч қачон ўйламаганман”, деган узоқ умр кўриш сири ҳақида берилган саволларга Мизуно Киётака.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 110 ёшга кириб фарзандли бўлган саудиялик эркак 142 ёшида вафот этган эди.
Live
Барчаси