Японияда тайфун сабабли 2 миллиондан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди
Олам
−
26 июн 1363 2 дақиқа
Япония расмийлари кучли ёмғирлар ва тайфун туфайли Кюсю ва Окинавадан тортиб Кинки минтақасигача бўлган 13 та префектурадан 2,23 миллион аҳолини эвакуация қилди. Бу ҳақда Япониянинг Ёнғин ва табиий офатларга қарши курашиш агентлигига таяниб, TBS News хабар берди.
Қайд этилишича, 7-сонли тайфун ва мавсумий ёмғирлар фронти таъсирида Япониянинг ғарбий қисмида кучли ёғингарчилик кузатилмоқда. Кагосима префектурасида уч киши жароҳатлангани хабар қилинган. Фукуока ва Кагосима префектураларида 25 та бинони сув босган. NHK телеканалининг маълумотларига кўра, ноқулай об-ҳаво туфайли Тюгоку ва шимолий Кюсюнинг айрим ҳудудларида кўчки хавфининг 4-даражали огоҳлантириши эълон қилинган.
“Tenki” об-ҳаво хизматининг аниқлик киритишича, 7-сонли тайфун Япониянинг Амами оролидан тахминан 230 км жануби-ғарбда жойлашган ва соатига 15 км тезликда шимоли-шарққа қараб ҳаракатланмоқда. Марказга яқин жойда шамолнинг максимал тезлиги сониясига 23 метрни ташкил этади. Тайфун Якусима оролидан тахминан 140 км жануби-ғарбдан ўтиши кутилмоқда. Япониянинг жанубида яна бир – 8-сонли тайфун қайд этилган бўлиб, у соатига 30 км тезликда ҳаракатланмоқда. Синоптикларнинг прогнозларига кўра, у маҳаллий вақт билан ярим тунга яқин Сиономисаки бурнидан 160 км узоқликда ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япониянинг Окинава оролига тайфун ёпирилгани, бунинг оқибатида 15 дан ортиқ киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди. Ўшанда ноқулай об-ҳаво туфайли электр таъминотида узилишлар кузатилган, 300 дан зиёд авиарейс бекор қилинган.
Live
Барчаси