Японияда НАТО ваколатхонасини очиш Франциянинг позицияси туфайли қийинлашмоқда

Олам

image

Японияда НАТО ваколатхонасини очиш режасини амалга ошириш ушбу ташаббусни қўллаб-қувватламайдиган Франция расмийларининг позицияси туфайли қийинлашмоқда. Бу ҳақда бугун, 9 июль куни Япониянинг NHK телеканали хабар берди. 

Айтилишича, Елисей саройининг номини ошкор этмаган вакил журналистларга альянс фаолият зонаси Шимолий Атлантика минтақаси бўлиб, шу муносабат билан Париж офис очилишини маъқулламаслигини айтган. Шунингдек, Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам бу позициясини НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергга аниқ билдирган. 

“Японияда альянс ваколатхонасини очиш учун НАТОнинг барча аъзолари бир овоздан маъқуллашни талаб қилади”, дейилади хабарда.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 11-12 июль кунлари Вильнюсда бўлиб ўтадиган альянс саммитида Япония Бош вазири Фумио Кисида шахсан иштирок этади.

Маълумот учун, сўнгги пайтларда Токио Шимолий Атлантика альянси билан ҳамкорликни фаол равишда кенгайтирмоқда. 2022 йилда Кисида НАТО саммитида қатнашган биринчи Япония ҳукумати раҳбари бўлган. Шундан сўнг Япония Ташқи ишлар вазирлиги НАТОга мустақил миссия қилиш, уни Брюсселдаги элчихонасидан ажратиш ва шу орқали миссия мақомини оширишга қарор қилган. Столтенберг, шунингдек, альянс Токиода офис очиш ниятида эканини тасдиқлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Франция Япония Макрон Столтенберг Кисида

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг