Японияда даҳшатли тошқинлар тинмаяпти. 3 ҳудудда хавфнинг “қизил” даражаси эълон қилинди

Олам 6372
image

Япониянинг Бош метеорологик бошқармаси ҳамон давом этаётган ва интенсив ёмғир сабаб мамлакат жануби-ғарбидаги учта префектурада хавфнинг энг юқори даражасини эълон қилди. Бу ҳақда NHK телеканали хабар берди.

Жанубий-ғарбий Кюсю оролидаги Фукуока, Сага ва Нагасаки префектураларида хавфнинг энг юқори даражаси эълон қилинган. Қатор туманларда атиги бир соатда 110 миллиметрдан ортиқ ёғин тушган. Кўчки ва аҳоли яшаш манзилгоҳларини сув босиш хавфи юқори. Яна саккиз префектурада кўчки хавфи эълон қилинган.

Синоптиклар яқин бир кунда Кюсю оролининг шимолий қисмига 250 мм ёғин тушиши кутилаётганини маълум қилган. Кюсю ороли жанубида ва Сикоку оролида эса 180-200 мм ёғин тушиши кутиляпти.

Айни вақтда Сикокудаги Эхиме префектурасида ва Кюсюдаги оита префектурасида 350 минг кишини эвакуация қилиш тавсия этилган.

Аввалроқ, Япония жанубий-ғарбида кучли ёмғир ёғиши натижасида сув тошқинлари бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Натижада одамларнинг уйини сув босиб қолган.

Ҳозиргача тошқин сабаб 50 киши вафот этган, 3 киши оғир аҳволда, 11 киши бедарак йўқолган ҳисобланяпти. Кюсюда қутқарувчилар ва 10 минг нафар ҳарбий иш олиб боряпти. Кучли ёмғир Жанубдан шимолга қараб ҳаракатланяпти. Эндиликда фақатгина Кюсю эмас, Сикоку ва Япониянинг асосий ороли Хонсю ороли ҳам кучли ёмғир ва тошқиндан зарар кўряпти. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 180
Рейтинг: 3
t
×