Японияда Абэ ўрнига янги Бош вазир келяпти
Олам
−
14 Сентябрь 2020
5731Йошиҳиде Суга Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партиясининг янги раҳбари бўлди. Бу ҳақда “Kyodo” агентлиги хабар бермоқда. Унинг номзодини ёқлаб 535 депутатдан 377 нафари овоз берган. Суга ҳукуматни 2012 йилдан бери бошқариб келган истеъфодаги Синдзо Абэнинг ўрнига Бош вазир бўлиши кутилмоқда.
2 сентябрь куни 71 яшар Суга ўз номзодини эълон қилишидан олдин ҳам уни партиянинг етти фракциясидан бештаси қўллаб-қувватлаган. Натижада, Суга ғалаба қозониш учун керагидан ортиқ овоз йиғди.
Бир ҳафта ичида Суга ҳукуматни бошқариши керак.
Амалдаги ҳукумат раҳбари Синдзо Абэ август ойи охирида соғлиғи сабабли истеъфога чиқишини эълон қилганди.
Абэнинг эҳтимолий ворислари Суга ҳукуматининг расмий вакили, собиқ ташқи ишлар вазири ва ЛДП сиёсатини ўрганиш бўйича кенгаш раиси Кишида Фумио ва собиқ мудофаа вазири ва собиқ ЛДП бош котиби Ишиба Шигеру эди.
Йошиҳиде Суга жорий йилнинг 16 сентябрь Вакиллар Палатасининг (парламент) навбатдан ташқари йиғилишида расмий равишда Бош вазир этиб сайланиши кутилмоқда.
Истеъфога чиқиш истагини эълон қилгандан сўнг, Абэ Либерал Демократик Партия (ЛДП) ва Комэйто партиясининг ҳукмрон коалициясига вақтинчалик Бош вазир тайинламаслигини, аммо ЛДП унинг ўрнига янги номзодни тақдим қилгунга қадар ўз лавозимида қолишни режалаштирганини маълум қилди.
Абэ 2000 йилларнинг бошидан Япония Либерал-демократик партияси раҳбариятининг аъзоси сифатида майдонга чиқди. 2006 йил сентябрдан 2007 йил сентябргача партиянинг сайловлардаги муваффақиятидан сўнг Ҳукуматни бошқарган ва 52 ёшида Япония тарихидаги энг ёш Бош вазир бўлган. Бироқ, Вазирлар Маҳкамаси обрўсининг тез пасайиши фонида Абэ тайинланганидан бир йил ўтиб, 2007 йилда истеъфога чиққан. Ўшанда ҳам унинг истеъфоси саломатлиги ёмонлашиши билан боғланган.
2012 йилда Абэ Либерал-демократик партиянинг этакчисига айланди ва яна сайловларда ғолиб бўлди. Унинг саккиз йиллик Бош вазирлиги Япония учун рекорд даражадаги даврдир.
Абэнинг истеъфога чиқиши нафақат соғлиқ муаммолари билан, балки унинг Ҳукумати рейтинги кескин пасайиши билан ҳам боғланмоқда. Жорий йилнинг 23 август куни “Kyodo” ахборот агентлиги томонидан ўтказилган сўровнома натижалари шуни кўрсатдики, унинг Ҳукуматини маъқуллаш даражаси 36% гача тушган. Бу Абэнинг иккинчи муддатда Ҳукумат бошқарувини эгаллаганидан баён энг паст кўрсаткич.Респондентларнинг 58,4%и Ҳукуматнинг пандемия билан боғлиқ ҳаракатларидан норози эканини билдирган. 70,8% Абэ эпидемияни олдини олиш чораларини муҳокама қилиш учун мухолифат партиялари талабига биноан парламентнинг фавқулодда сессиясини имкон қадар тезроқ чақириши керак деб ҳисоблаган.