Япония Россияга яна бир тоифада товарлар экспортини тақиқлади

Олам 3782
image

Япония жорий йилнинг 17 июнидан кучга кирадиган санкцияларнинг янги пакети доирасида Россияга юк машиналари, самосваллар ва бульдозерлар экспортини тақиқлади. Бу ҳақда бугун, 10 июнь куни Токиода бўлиб ўтган матбуот анжуманида Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Коити Хагиуда маълум қилди.

“7 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг саноат инфратузилмасини мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган маҳсулотларни Россияга экспорт қилишни тақиқлаш тўғрисидаги қарори муносабати билан 17 июндан бошлаб юк машиналари, самосваллар, бульдозерлар ва бошқа ускуналарни етказиб беришни тақиқлаш жорий этилади”, дейди у.

Агентлик веб-сайтида эълон қилинган ҳужжатга кўра, Россияга экспорт қилиш тақиқланган маҳсулотлар рўйхатига ёғочнинг айрим турлари, шу жумладан декоратив қоплама, дастгоҳ асбоблари учун бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, пўлат резервуарлар, буғ ва газ генераторлари киради. Бундан ташқари, рўйхатга насослар, турбиналар, тўқув дастгоҳлари, зарядланган заррачалар тезлатгичлари, ўлчаш ва синов ускуналари, саноат роботлари ва бошқалар киради.

Аввалроқ Япония Украинадаги вазият туфайли Россия Федерациясига нисбатан бир нечта чекловлар тўпламини қабул қилган эди. Санкциялар рўйхатига аллақачон Россия Федерацияси, Беларусь, ЛХР ва ДХРнинг 700 дан ортиқ фуқаролари, шунингдек, 200 дан ортиқ рус компаниялари ва ташкилотлари киради.

Бундан ташқари, Япония “Открытие” банки, “Новикомбанк”, “Совкомбанк”, ВТБ, “Россия” банки, “Промсвязьбанк”, ВЭБ.РФ, “Сбербанк” ва “Альфа-банк” активларини музлатиб қўйди.

Экспорт қилиш тақиқланган товарлар ва технологиялар рўйхатига 300 дан ортиқ буюмлар, шу жумладан яримўтказгичлар, денгиз ва авиация хавфсизлигини таъминлаш, телекоммуникация ва алоқа ускуналари, ҳарбий маҳсулотлар, шу жумладан қурол, дастурий таъминот ва нефтни қайта ишлаш ускуналари киритилган. Бундан ташқари, Россияга ҳашаматли товарлар, шу жумладан 6 миллион иендан ортиқ қийматдаги (тахминан 49 минг доллар) автомобиллар етказиб беришга тақиқ қўйилган.

Ойнисахон Абдуллаева

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 75
Рейтинг: 3
t
×