Япония Россия газига муқобил топди

Олам 15311
image

Япония Россия газига қарамликни камайтириш учун атом электр станциялари фаолиятини қайта тиклаши мумкин. Бу ҳақда “Mitsubishi Heavy Industries” раҳбари Акихито Като “Financial Times” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган. 

"Келажакда Россиядан ёқилғи импорт қилиш осон бўлмаслиги мумкин. Хомашёни хориждан импорт қилар эканмиз, доимо беқарорлик қўрқуви бўлади", дейди у.

Катонинг сўзларига кўра, кўпчилик ҳозирда барқарор энергия манбаи сифатида кўрилаётган атом электр станцияларига нисбатан қарашларини ўзгартирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 март куни Россия Президенти Владимир Путин ҳукумат ва Россия Федерацияси Марказий банкига Россия газининг Европа давлатларига етказиб берилиши учун тўловларни рублга ўтказиш бўйича топшириқ берди. Бунга Ғарб давлатларининг Украинадаги уруш ортидан Москвага қарши жорий қилган санкциялари сабаб бўлди.

Шундан сўнг, Германия канцлери Олаф Шольц ҳам Германия газни рублда сотиб олмаслигини эълон қилди. Унинг ортидан Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам рус газини рублдан сотиб олмаслигини айтди.

Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва “Газпром” компаниясига 31 мартгача Европа Иттифоқи мамлакатлари ва чеклов чораларини жорий қилган бошқа мамлакатларга газ етказиб бериш учун тўлов валютасини ўзгартириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни топширган эди.

Шу ўринда айтиш жоизки, Россия газининг харидорлари ҳисоб-китобларни рублга ўтказиш бўйича турлича позицияни эгаллади. Германия канцлери Олаф Шольцнинг таъкидлашича, шартномаларда хорижий валюталар “асосан евро ва доллар” кўрсатилган. Германия Иқтисодиёт вазирлиги вакили Роберт Северин импорт қилувчилар шартномалар бажарилишини кафолатлашлари шартлигини таъкидлади. Италия бош вазири Марио Драги ҳисоб-китобларни рублга ўтказишни шартномаларнинг бузилиши деб атади.

Жорий йилнинг 31 март куни Путин "дўст бўлмаган" давлатларга газни рублда сотиш тартибини тасдиқлади. 

Шундан сўнг Европа Иттифоқига аъзо давлатларга Россияга қарши санкцияларни бузмаган ҳолда рус гази учун рублда тўлов қилишга рухсат берилди.

Жорий йилнинг 27 апрель куни Россиянинг "Газпром" компанияси Польша ва Болгарияга тўловни рублда амалга оширмагани учун газ етказиб беришни тўхтатиб қўйди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 305
Рейтинг: 3
t
×