Япония НАТО билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқчи
Олам
−
12 Июль
2601Япония НАТО билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга интилмоқда. Бу ҳақда Япония Бош вазири Фумио Кисида Вашингтонда альянс Бош котиби Йенс Столтенберг билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
Япония денгиз мудофааси кучлари Евроатлантика минтақасида НАТО қўшинлари билан қўшма машғулотлар ўтказишни режалаштирган. Кисида Япония ва НАТО “махфий разведка маълумотларини алмашиш бўйича” ҳамкорликни фаоллаштираётганини таъкидлади.
“Евро-Атлантика ва Ҳинд-Тинч океани минтақаларининг хавфсизлик муҳитини энди бир-биридан ажратиб бўлмайди”, деди Кисида.
Қайд этилишича, Япония дезинформацияга қарши курашда НАТО билан ҳамкорликни кенгайтиришни ҳам режалаштирмоқда. Кисида, шунингдек, Япония 2025 йил март ойи охиригача НАТО аъзолари билан халқаро конференция ўтказишини айтди.
“Япония киберҳужумларга қарши курашда ўз имкониятларини кучайтириш мақсадида НАТО бошчилигидаги машғулотларда иштирок этади”, дея қўшимча қилди Кисида.
Маълумот учун, 9-11 июль кунлари Вашингтонда бўлиб ўтган НАТО саммитига альянсга аъзо бўлмаган Япония, Янги Зеландия, Жанубий Корея ва Австралия етакчилари таклиф қилинган эди.
Азизбек Эшмаматов