Япония мухолифати Кисида ҳукуматига ишончсизлик вотуми билдирмоқчи

Олам

image

Япониянинг мухолифатдаги Конституциявий-демократик партияси раиси Бош вазир Фумио Кисида ҳукуматига ишончсизлик вотуми билдириш бўйича таклиф киритиш нияти борлигини маълум қилди. Бу ҳақда “Kyodo” агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, партия эртага, 16 июнь куни таклиф билан чиқиш ниятида. Мухолифат партияси мудофаа эҳтиёжларини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун махсус жамғарма тузиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига қаршилигини билдирган. Бу қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш 16 июнь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган. 

Шу ҳафта бошида Фумио Кисида матбуот анжуманида мухбирнинг парламентнинг асосий қуйи палатасини тарқатиб юбориш имконияти ҳақидаги саволига жавоб берар экан, турли вазиятларни баҳолагандан сўнг қарор қабул қилиш ниятида эканлигини яна бир бор таъкидлаган.

Шу билан бирга Япония оммавий ахборот воситаларида агар ишончсизлик вотуми таклифи ҳали ҳам илгари сурилса, Япония Бош вазири муддатидан олдин сайловлар ўтказишга қарор қилиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. У мазкур чорани император Наруҳитонинг кейинги ҳафта, 23 июнь куни Индонезияга расмий ташрифидан олдин амалга ошириши мумкин.

Парламент қуйи палатасини тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарор Япония ҳукумати раҳбари – бош вазирга тегишли, бироқ тарқатиб юбориш акти император томонидан амалга оширилади. Япония парламенти қуйи палатаси амалдаги аъзоларининг ваколат муддати 2025 йил октябрь ойида тугайди.

Эслатиб ўтамиз, Япония Бош вазири Фумио Кисида шу ҳафтада парламентнинг асосий қуйи палатаси тарқатиб юборилиши ва муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини эълон қилиши мумкинлиги айтилган эди.

Аввалроқ, Япония Бош вазири Фумио Кисида ўзининг тўнғич ўғли Сётаро Кисидани сиёсий котиблик лавозимидан бўшатган эди. Бунга ўғлининг ўтган йили дўстлари билан Бош вазирнинг расмий қароргоҳида Янги йил кечасини ўтказгани тасвирланган суратлар тарқалиб кетгани ва бу кенг норозиликларни келтириб чиқаргани сабаб бўлган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония Кисида

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made