Япония Бош вазири Ким Чен Ин билан исталган вақтда учрашишга тайёр
Олам
−
15 Сентябрь 2023
4130Япония Бош вазири Фумио Кисида КХДР етакчиси билан исталган вақтда учрашиши мумкин. Бу ҳақда Япония Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби Хирокадзу Мацуно навбатдаги матбуот анжуманида маълум қилди.
“Бош вазир Кисида исталган вақтда раис Ким Чен Ин билан ҳеч қандай шартларсиз бевосита мулоқот қилишга тайёр”, деган у.
Мацунонинг таъкидлашича, Бош вазир КХДРга Япония-Шимолий Корея муносабатларидаги барча мавжуд муаммоларни ҳал қилишга ва икки томонлама муносабатларнинг “янги эшигини очиш” тарафдори.
“Саммит учрашуви ўтказилиши керак ва биз бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни Бош вазирнинг шахсий назорати остида юқори даражадаги маслаҳатлашувлар орқали давом эттириш ниятидамиз”, дея қўшимча қилган Мацуно.
Қайд этиш жоизки, олдин Кисида ҳам сўнгги йилларда ўзидан олдинги раҳбарлар сингари Шимолий Корея разведкаси томонидан ўғирлаб кетилган Япония фуқаролари муаммосини ҳал қилиш учун Ким Чен Ин билан шахсан учрашмоқчилигини бир неча бор таъкидлаганди.
Маълумот учун, Шимолий Корея разведка хизматлари томонидан японларнинг ўғирланиши мавзуси расмий дипломатик алоқалари узилган икки давлат ўртасида энг оғриқли мавзулардан бири ҳисобланади. 2002 йилда Пхеньян илк бор “атиги” 13 нафар япон фуқароси ўғирлаб кетилганини тан олди ва улардан беш нафарига ўз ватанига қайтишга рухсат берди. Қолганларининг жасадлари қариндошларига жўнатилди. Бироқ фуқароларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаб бўлмади. 2014 йилнинг май ойида Япония ва Шимолий Корея ҳукуматлари фуқароларнинг ўғирланиши бўйича янги тергов ўтказишга келишиб олган, бироқ бу билан шуғулланган комиссия кейинчалик Пхеньян ташаббуси билан тарқатиб юборилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 сентябрь куни Шимолий Корея етакчиси Россияда Президент Путин билан кўришганди.
Учрашув ҳақида тайёрланган видеони QALAMPIR.UZ'нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь