Япония Бош вазири истеъфога чиқяпти. Бунинг сабабларидан бири – Токио 2020

Олам 8591
image

Япония Бош вазири Ёсихидэ Суга жорий йилнинг сентябрь ойи охирида бўлиб ўтадиган ҳукмрон Либерал-демократик партияси раҳбарлиги учун сайловда қатнашмаслигини эълон қилди. Бу эса унинг тез фурсатда истеъфога чиқишини англатади. 

BBC нашрининг ёзишича, сайлов жорий йилнинг 29 сентябрига белгиланган. Ёсихидэ Сугани айни вақтда қўллаб-қувватловчи кам. Бунга Токио-2020 Олимпиада ўйинларининг ўтказилиши ортидан Японияда коронавирусга чалинганлар сонининг ортиб кетиши сабаб бўлган. Агар Суга ҳукмрон Либерал-демократик партиясига раҳбарлик қилишда давом этса, партия парламент сайловларида ютқазиб қўйиши мумкин. Шу сабабдан ҳам у истеъфо бермоқчи. 

Қайд этиш керакки, Япония пойтахти Токиода бир неча марта Олимпиаданинг ўтказилишига қарши намойишлар бўлиб ўтди. Бу норозилик ҳатто, паралимпиада ўйинларида ҳам давом этди

“Мен бор эътиборимни коронавирусга қарши курашга қаратмоқчиман, шунинг учун сайловда қатнашмайман. Инфекцияга қарши чоралар ишлаб чиқиш ва бир вақтнинг ўзида сайловда қатнашиш катта куч талаб этади. Иккаласини ҳам бир вақтнинг ўзида қила олмайман. Шунинг учун танлашимга тўғри келди. Ҳукумат раҳбари сифатида менинг бурчим – мамлакатимиз аҳолисининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишдир”, дейди мамлакат Бош вазири.

Эслатиб ўтамиз, Ёсихидэ Суга 2020 йилнинг сентябрь ойида ҳукуматга келган. Бунга собиқ Бош вазир Синдзо Абэнинг соғлиги ёмонлашиши ортидан истеъфога чиқиши сабаб бўлган

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 309
Рейтинг: 2.9
t
×