Янги Зеландия Россияга қарши санкцияларни кенгайтирди

Олам 1527
image

Янги Зеландия 14 нафар Россия фуқароси, шунингдек, еттита мудофаа компанияси ва оммавий ахборот воситаларига қарши санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда Янги Зеландия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Нанайя Махута маълум қилди.

Эндиликда санкцияларга учраганларнинг мол-мулки музлатилади. Уларнинг мамлакатга ташриф буюриши, самолётларининг Янги Зеландия ҳаво ҳудудидан фойдаланиши ва кемаларнинг портларга кириши тақиқланган.

ТИВ баёнотида айтилишича, санкциялар ракета ва ўқотар қуролларни ишлаб чиқувчи ва ишлаб чиқарувчи компаниялар раҳбарлари ҳамда акциядорларига, шунингдек, “Вагнер” хусусий-ҳарбий компанияси билан боғлиқ бўлган “неонацистларнинг ҳарбийлаштирилган гуруҳлари аъзолари”га нисбатан қўлланилган. Санкциялар рўйхатига кимлар киритилгани аниқ айтилмаган. Маълумки, чекловлар иккита ахборот агентлиги – ИнфоРос ва Қримнинг News Front’га таъсир кўрсатди.

“Россия Федерацияси ўз мудофаа сектори кўмагида Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузганлик учун жавобгар, бу халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш ҳисобланади”, дейди Ташқи ишлар вазири Нанайя Махута.

Украинадаги уруш фонида Янги Зеландия март ойида 100 нафар россиялик, жумладан Россия Президенти Владимир Путин, шунингдек, Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қора рўйхатга киритди. Кейинроқ Янги Зеландия ҳукумати ҳам Давлат думаси депутатларига, ҳам сенаторларга нисбатан санкцияларни кенгайтирди. Июнь ойида Россия ва Беларуснинг 44 компанияси, октябрь ойида эса яна 51 тадбиркор қора рўйхатга киритилган. Шунингдек, Янги Зеландия Россиядан импорт қилинадиган товарлар учун 35 фоизлик божлар жорий қилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 21
Рейтинг: 3
t
×