Янги вазирлик ташкил этилгач, аёлларнинг овози йўқолиб қолди – Президент
Жамият
−
09 Октябрь 2020
13060Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилгач, аёлларнинг овози йўқолиб қолгани, аёллар муаммолари билан шуғулланиш иккинчи даражага тушиб қолганини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбари кеча, 8 октябрь куни ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларида ўтказган видеоселектор йиғилишида такъидлаган.
“Бу вазирлик тузилгач, аёллар овози эшитилмай қолди. Вазир Маматов мен берган топшириқларни тушунмаяпти”, дейди давлат раҳбари.
Президент собиқ Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари, айни вақтда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Гулнора Маъруповага юзланиб, уйғониш кераклигини, янгича ишлаш тизимига ўтиш шартлигини таъкидлайди.
“Гулнора Маҳмудовна сизни бу лавозимга тайинлаганим бежиз эмасди. Аммо аёллар билан ишламай қўйдинглар. Маҳаллаларга кирилмаяпти. Маҳалла ижодкор бўлиши керак. Ижодкорлик ашула айтишмас. Жамиятда энг обрўли одам маҳалла раиси бўлишини хоҳлайман. Маҳалла раисларига ҳокимнинг ваколатларини бераман, келади ўша кун. Аммо Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги назоратчи бўлиб қолган. Аслида ёрдамчи, кўмакчи, елкадош бўлиши керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдамга муҳтож ёшлар ва аёлларни аниқлаш, уларнинг рўйхатини шакллантириш, зарур ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли ташкилотларга ушбу рўйхатни йўналтириш топшириғини берди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг февраль ойида “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь