Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғи барпо этилади
Жамият
−
09:39 437 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев кеча, 23 август куни Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғини барпо этиш ишларини бошлаб берди. Бу ҳақда мамлакат етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, боғ учун Янги Тошкентда 4 гектар майдон ажратилган. Бу ерда Озарбайжоннинг бой маданияти, кўп асрлик тарихи ва миллий анъаналарини акс эттирадиган замонавий жамоат макони ташкил этилади. У икки қардош халқнинг маданий яқинлиги ва дўстлигини намоён этадиган масканга айланади.
.jpg)
Таъкидлаш жоизки, бундай эзгу ташаббус икки томонлама хусусиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи доирасида Боку шаҳрининг “Оқ шаҳар” ҳудудида “Ўзбекистон” боғига тантанали равишда тамал тоши қўйилган эди.
Қайд этилишича, 4,5 гектар майдонда ташкил этиладиган ушбу мажмуада Ўзбекистоннинг бой маданияти ва анъаналари, миллий меъморчилик мактаби ўзига хос тарзда намоён этилади. Унда Ўзбекистон тарихий обидаларининг меъморий тимсоллари, яшил ҳудудлар ва сайр масканларини барпо этиш кўзда тутилган.
“Шу тариқа Тошкентдаги “Озарбайжон” ва Бокудаги “Ўзбекистон” боғлари икки халқнинг кўп асрлик дўстлиги, ўзаро ҳурмати ва маънавий яқинлигининг яна бир ёрқин рамзи бўлади”, дейилади ахборотномада.
.jpg)
Билдирилишича, икки давлат раҳбарлари бўлажак боғ ҳудудида рамзий капсулани жойлаштириб, лойиҳани амалга оширишга старт берган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг июнь ойида IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ташкил этилган “Озарбайжон – Ўзбекистон: иқтисодий ҳамкорлик вектори” мавзусидаги панел сессиясида Озарбайжон Экспорт ва инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги (AZPROMO) ижрочи директори Юсуф Абдуллаев илк бор Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида “Ўзбекистон” боғи, Тошкентда эса “Озарбайжон” боғи барпо этилишини маълум қилганди.
Live
Барчаси