Тошкентда “Озарбайжон”, Бакуда эса “Ўзбекистон” боғи қурилади

Жамият

image

Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида “Ўзбекистон” боғи, Тошкентда эса “Озарбайжон” боғи барпо этилади. Бу ҳақда IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ташкил этилган “Озарбайжон – Ўзбекистон: иқтисодий ҳамкорлик вектори” мавзусидаги панел сессиясида Озарбайжон Экспорт ва инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги (AZPROMO) ижрочи директори Юсуф Абдуллаев маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, ушбу боғлар икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурмат рамзига айланиши кутилмоқда.

“Июнь ойи бошида Тошкент шаҳри ҳокими ва менинг яқин дўстим Шавкат Умурзоқов ишчи ташриф билан Баку шаҳрига келди. Ташриф доирасида Оқ шаҳар ҳудудида жойлашган, бўлажак “Ўзбекистон” боғи қуриладиган майдон кўздан кечирилди”, деди у.

Шунингдек, Абдуллаев Озарбайжон делегациясининг Тошкентга жавоб ташрифи жорий ой охирига белгиланганини маълум қилди. Унга кўра, ташриф доирасида “Озарбайжон” боғи барпо этиладиган ҳудуд ҳам кўздан кечирилади. Бироқ QALAMPIR.UZ ҳокимлик билан боғланганда боғ учун ҳозирча ер ажратилмагани, қарор йўқлиги айтилди.

“Бу икки пойтахт ўртасида маданий кўприкка айланиши мумкин”, деган Абдуллаев.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йил апрель ойида Ўзбекистон ишғолдан озод этилган Қорабоғда Озарбайжонга туҳфа сифатида мактаб қуриши ҳақида хабар берган эдик. Орадан икки йил ўтиб, 2023 йил 23 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев Қорабоғдаги Мирзо Улуғбек номидаги мактабни очиб берди. Бундан ташқари, ушбу мактабни битирганлар Ўзбекистон ОТМларига имтиҳонсиз қабул қилинадиган бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Ўзбекистон Озарбайжон Баку

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг