Янги таҳрирдаги солиқ кодекси билан қандай янгиликлар жорий қилинмоқда?

Жамият 1451
image

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг  Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун қабул қилингандан кейин Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳаси кўриб чиқилди. 

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳузурида депутатлар, парламент қуйи палатасининг Давлат бюджети бошқармаси мутахассислари, экспертлар, ҳукумат ва Давлат солиқ қўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди ҳамда унинг биринчи йиғилиши ўтказилди.

23 ноябрдан бошлаб иш гуруҳи йиғилишларида лойиҳа концептуал жиҳатдан синчиклаб кўриб чиқилмоқда. Муҳокамалар давомида солиқ тўловчилар қамровини оптималлаштириш ҳисобига солиқ юкини камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда кодекс нормаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунларига зид келмаслигини таъминлаш, айниқса, инсофли солиқ тўловчиларни рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хўш, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида қандай янгиликлар жорий этилиши кўзда тутилмоқда?

Лойиҳага солиқ ставкаларини тартибга солувчи қонуности ҳужжатлари қоидалари ҳам сингдирилган. Ҳужжатда амалдаги Солиқ кодексининг умумий (солиқ маъмуриятчили масалалари) ва махсус (солиқларни ҳисоблаш ва тўлашнинг асосий қоидалари) қисмларга бўлинишини кўзда тутадиган тизим сақлаб қолинган.

Лойиҳада саккизта йўналиш, шу жумладан, умумэътироф этилган халқаро меъёрлар ва солиқ стандартлари, бошқа мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган илғор, синовдан ўтган усуллар, шунингдек, маҳаллий ва халқаро экспертларнинг хулосалари инобатга олинган. Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва уни ҳисоблашдаги янгиликларга алоҳида эътибор қаратилган.

Масалан, амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари учун қўшилган қиймат солиғи Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан тўланар эди. Киритилаётган янги қоидаларга биноан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари мамлакатимиз ҳудудида амалга оширган оборотларидан мустақил равишда ҚҚС тўловчилари сифатида қатнашадиган тартиб ўрнатилмоқда. Янги таҳрирдаги лойиҳа билан, шунингдек, ҚҚС тўлашга ўтаётган хўжалик юритувчи субъектлар ҚҚС тўловчилари сифатида махсус рўйхатдан ўтказилиши таклиф этилмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, амалда мулкни (хизматларни) текин бериш ҚҚСга тортилар эди. Киритилаётган янгиликка биноан, эндиликда мулкни (хизматларни) текин бериш ҚҚСга тортилмайди (агар текин бериш иқтисодий асосланган бўлса). Яъни, мулкни (хизматларни) беғараз равишда топшириш бўйича ҚҚС тўланмайдиган тартиб жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида солиқ солинадиган база борасида ҳам янгилик киритилмоқда. Унга кўра, солиқ солинадиган базани бозор нархлари асосида аниқлаш тартиби жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, амалдаги асосий воситалар бўйича ҚҚС суммаси 12 ёки 36 ой ичида ҳисобга олиниши кўзда тутувчи тартиб чиқариб ташланиб, эндиликда асосий воситалар бўйича бир марталик ҚҚС ҳисобга олиниши жорий этилади.

Яна бир муҳим янгилик шуки, энди ногиронларнинг жамоат бирлашмалари иштирок этадиган юридик шахслар томонидан сотиладиган товарлар ва хизматлар қўшимча қиймат солиғидан озод қилинади. Яъни, ногиронларнинг бирлашмалари томонидан таъсис этилган корхоналар реализация қиладиган товарларни (хизматларни) ҚҚСдан озод қилиш таклиф этилмоқда.

Лойиҳада қўшимча қиймат солиғини қайтариш тартиби бўйича ҳам янгиликлар киритиляпти. Маълумки, амалдаги кодексга биноан, ҳисобга олинадиган қўшимча қиймат солиғи суммасининг ҳисобланган солиқ суммасидан ошиб кетса, ҚҚС бўйича келгусидаги тўловлар ҳисобига қопланар эди. Таклиф этилаётган янги тартибга кўра, энди солиқ тўловчиларга ҚҚС бўйича ҳисобга олинган исталган ортиқча тўловларни қайтариш тартиби белгиланмоқда.

Киритилаётган янгиликларга кўра, хорижий сайёҳлар учун ҚҚС «Tax free» тамойили асосида қайтарилади. Яъни, чет эллик сайёҳлар Ўзбекистонда сотиб олинган товарларга ҳисобланган ҚҚСни қайтариш имкониятига эга бўлади.

Энг муҳими, қўшимча қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилгани ҳам мустаҳкамланмоқда.

Умуман, Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси билан солиқ қонунчилигига бу каби кўплаб янгиликлар татбиқ этилиши назарда тутиляпти.

Депутатлар муҳокамаларга экспертлар, мутахассисларни, олимларни ҳам жалб этган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 14
Рейтинг: 2.9
t
×
×