Янги Марказий Осиё тинчлик йўлини танламоқда – Мирзиёев

Жамият

image
Марказий Осиё етакчилари Тошкентда йиғилади north_east

Марказий Осиё етакчилари Тошкентда йиғилади

Янги Марказий Осиё тинчлик, барқарор тараққиёт ва яратувчан шериклик йўлини танламоқда. Рамзий маънода айтганда, девор эмас, кўприк барпо этилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳрида бўлажак Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви олдидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 13 ноябрь куни эълон қилинган “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласида сўз боради.

“Минтақавий жипслашув борасидаги ютуқлар туфайли бугунги кунда Марказий Осиё халқаро муносабатларнинг ўз манфаатлари ва тараққиёт йўлларини аниқ тасаввур этадиган мустақил ва масъулиятли иштирокчиси сифатида қарор топди.

“Марказий Осиё плюс” ҳамкорлик форматлари минтақанинг халқаро ҳуқуқий субъект сифатидаги мавқеи кучайиб бораётганининг ифодаси ҳамда барқарорлик ва тараққиётнинг муҳим маркази сифатидаги ролининг эътирофи бўлди”, дейди Мирзиёев.

Қайд этилишича, илгари ташқи ҳамкорлар алоқаларни асосан икки томонлама асосда қурган бўлса, бугунги кунда дунёнинг етакчи давлат ва бирлашмалари Марказий Осиё билан муносабатларни яхлит минтақавий шерик сифатида ривожлантирмоқда. Билдирилишича, бу минтақанинг бошқа ҳамкорлар билан муносабатларини янги босқичга олиб чиқади: Марказий Осиё ташқи ҳамкорлар билан халқаро муносабатларнинг ягона субъекти сифатида мулоқот қилса, унинг овози баландроқ ва ишончлироқ янграйди, позиция кучлироқ бўлади, инвестицияларни жалб этиш, бошқа мамлакатлар билан барча йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш бўйича вазифаларни янада самарали ҳал қилинади.

“Дунёга очиқлигимиз, ниятларимизнинг шаффофлиги ва мулоқотга мойиллигимиз халқаро майдонда Марказий Осиёни янгича қабул қилиш учун асос бўлди.

Айни пайтда Марказий Осиёни дунёнинг етакчи давлатлари ва бирлашмалари билан боғлайдиган ўндан ортиқ “Марказий Осиё плюс” форматлари фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўзида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи”, “Марказий Осиё – Хитой”, “Марказий Осиё – Россия” ва “Марказий Осиё – АҚШ” саммитлари бўлиб ўтгани минтақанинг глобал сиёсатдаги шиддати ва стратегик аҳамияти ортиб бораётганини тасдиқлайди”, дейилади мақолада.

Президент Мирзиёевнинг қайд этишича, янгидан-янги “Марказий Осиё плюс” мулоқотлари давлат раҳбарлари даражасига кўтарилаётгани уларнинг амалий аҳамияти ва сиёсий қиммати ортиб бораётганидан далолат беради. Бир қатор форматларда эса энергетика, транспорт, “яшил иқтисодиёт” ва рақамлаштириш соҳаларида аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳ ва котибиятлар ташкил этилмоқда.

Маълумот учун, жорий йил 4 апрелда Самарқандда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити, 30 майда Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Италия” саммити, 17 июнда Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” иккинчи саммити, 9 октябрда Душанбе шаҳрида “Марказий Осиё – Россия” иккинчи саммити, 6 ноябрь куни Вашингтонда “Марказий Осиё – АҚШ” иккинчи саммити бўлиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг