Янги қурилган карантин зонасидан махсус репортаж: “ҳеч ким болам деб йиғламасин!”

Жамият

Оғир юкларни ташишга мўлжалланган контейнерларга кўзингиз тушгани аниқ. Хўш, улар бугун коронавирус пандемияси даврида карантинга олинган беморларни сақлашда ас қотаётганидан хабарингиз борми? Қаерда? Албатта, Ўзбекистонда! 1363 та контейнерлардан саф тортган карантин ҳудудига биргаликда сафар қиламиз. 

Ўзбекистонга нисбатан чет давлатларда, хусусан Россия, Туркия, Жанубий Корея каби давлатларда коронавирус касаллиги кенг тарқалди. Мазкур давлатларда аксар юртдошларимиз муҳожир сифатида ишлаб, яшаб келишарди. Ушбу мамлакатларда карантин тизими жорий қилингач, ҳар хил факторлар сабаб фуқароларимиз Ўзбекистонга, оиласига қайтишни афзал кўра бошлади. Лекин уларни олиб келгач, касалланган ёки йўқлигини билиш учун алоҳида жойда, карантинда вақтинча сақлаш талаб қилинади. Бизда шундай жойнинг ўзи борми? Бўлганда қандоқ!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан Ўзбекистонда коронавирус аниқланганидан бир неча кун ўтиб, 22 март куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани Ўртасарой ҳудудида барча шароитларга эга карантин зонаси қурилишига старт берилди. QALAMPIR.UZ ушбу карантин ҳудудида бўлиб, мавжуд шароитлар билан танишди.  

Карантин зонасининг умумий майдони сал кам 16 гектарни ташкил қилади. Ҳудудга 1363 та контейнер-палаталар жойлаштирилган. У бир вақтнинг ўзида 10 700 кишини қабул қилишга мўлжалланган. Қурилиш ишлари 22 март куни бошланган бўлса, 26 март куниёқ хориждан келганларнинг биринчи гуруҳи қабул қилинган. Улардан касаллик аломатлари аниқланмаганларига 9-10 апрель куни рухсат берилиши кутилмоқда. 

Бугун, 8 апрель куни карантин ҳудудидаги сўнгги қурилиш ва пардозлаш ишлари якунига етказилди.18 кун давомидаги қурилиш ишларида 3 мингдан ортиқ қурувчилар иштирок этди. Бу ердаги шароитлар ҳақида эса Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Даврон Хидоятов қуйидагича ҳикоя қилади: 

“Карантиндагилар қийимларини ювиши учун кир ювиш хоналари ҳам мавжуд. Бу ерда санитария талаблари бўйича лаборатория ҳам ташкил қилинган. Улар овқатланиши учун бир марталик идишлар берилади. Идишлар фойдаланиб бўлингач, махсус печларда ёқиб юборилади. 

Ҳудуддан чиқадиган оқава сувлари тўпланиши ва кимёвий тозаланиши учун станция ҳам қурилган. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида камера кузатувлари жорий қилинган ва ҳудуд Мудофа вазирлиги ва ИИВ назоратида. Бу ердан қочиб чиқиш ёки у ерга яширин киришнинг имкони йўқ. Қўриқлаш учун махсус йўлаклар қилинган ва ҳарбийлар  кун-у тун бу ерда ҳаракатланади”, дейди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари.

Ушбу контейнерли мўжаз “маҳалла”нинг 70 фоизи аллақачон чет элдан келган фуқаролар билан тўлиб бўлган. Уларга бугунгача кетринг услубида пойтахт Тошкентдан бир марталик идишларда таом олиб келинган бўлса, бугун ҳудуднинг ўзида 10 минг кишига 3 маҳал таом тайёрлаш имконияти мавжуд бўлган ошхона қурилди.  Бош муҳандис Абдужафар Магдалиевга кўра, фойдаланишга топширилаётган ошхона санитария талабларига жавоб беради. Ошхонага бир вақтнинг ўзида тонналаб овқат тайёрлаш мумкин бўлган 16 та катта қозонлар ўрнатилган. Ошхонага ёндош ҳудудда маҳсулотлар сифатли сақланиши учун музхона, омборхоналар қурилган.

“Беморларимизга Аллоҳ ўзи шифои комил ато этсин. Шундай шароитлар қилиб бераётган Президентимизга катта раҳмат. Биз ҳам озми-кўпми ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, халқимиз ҳамиша соғ-саломат бўлсин. Дунёда бирор инсон касал бўлмасин, оналар фарзандим деб йиғламасин”, дея дуо қилди ошхонада тозаликка масъул бўлган Нурияхон Холматова.

Карантинга олинганларнинг овқатлари сифати сизни ўйлантириб қўйгани табиий. Биз эса бу борада хавотирга берилмадик. Боиси, ошхонага Тошкентдаги энг таниқли ресторанлардан бири бош ошпази Абдураҳмон Позилжонов бошчилик қилмоқда. Ҳар ҳолда унинг ресторанида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам оиласи билан билан бир неча бор меҳмон бўлган.  

Карантинда сақланаётган фуқароларга шифокорларнинг тавсиялари бўйича 3 маҳал бепул озиқ-овқат берилмоқда. Ошхона санитария талаблари бўйича карантин зонасидан алоҳида ерда қурилган. 

Карантин ҳудудидаги контейнер-палаталардан бир нечтасидаги шароитларни шахсан ўзимиз кўздан кечирдик. Контейнер-палаталарнинг ҳар бири 4 киши яшаши учун мўлжалланган. Карантинга олинганларнинг ҳар бири учун алоҳида пойабзал, сочиқ, чойшаблар, гигиеник воситалар мавжуд. Вақтни унумли ўтказиш учун телевизор, китоб ва интернет бор. Хонада совутгич ва иситгич, шунингдек, электр чойнак ҳам бор. Ҳар бир контейнерда иссиқ ва совуқ сув, душ, ҳожатхона мавжуд. Контейнерларга деразалар ўрнатилган. Фуқаралар ташқарига чиқиб тоза ҳаводан нафас олиши учун кичик майдонлар ҳам бор. Бу ерда сақланаётганлар ташқи муҳитдан тўлиқ изоляция қилинган.

“2 март куни Президентимизнинг ташаббуси билан мана шу қурилиш ишларини бошлаган эдик. Ўзингиз кўрганингиздек, деярли барча ишларни тугатмоқдамиз. Инсонлар ўз миннатдорчилигини билдирмоқда. Бунақа катта қурилиш ишларини унча-мунча давлатлар ҳам қилгани йўқ. Бизнинг олдимизга карантин ҳудудини сифатли ва ўз вақтида топшириш вазифаси қўйилган. Биз ҳам шу ишни вақтида ва сифатли қилиб топшириш ҳаракатидамиз”, дейди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Даврон Ҳидоятов.

Тасвирга олиш ишларини якунлаб уйга қайтаётганимизда, совуқ тушди, ёмғир ёғишни бошлади. Лекин, одамлар ишида давом этаркан, аксинча, контейнерли маҳалла чироқлар билан янада ёришди. Тунги ишчилар гуруҳи етиб келди. Йўл бўйида махсус қўриқлаш автомобиллари билан келаётган автобусга кўзимиз тушди.  Аммо ўша ердаги минглаб ишчилар ўз ишларини бажаришда давом этарди. Мендан ушбу касаллик халққа нима бермоқда деб сўрашса, у бизни янада жипслаштирмоқда деб жавоб берган бўлардим. 

Ҳозирги шароитда барчамизга қийин. Халқ ва давлат бирлашадиган, бир-бирини ҳар томонлама қўллаши талаб этиладиган давр. Ушбу вазиятда биз тинмай меҳнат қилаётганларга, чора излаётган мансабдорларимизга қандай ёрдам беришимиз мумкин? Бундай пайтда фақатгина белгиланган тартиб-қоидага амал қилиб, уйда қолишимиз ҳаммамиз учун энг яхшиси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 545 нафарга етди. Бугунгача уларнинг 30 нафари даволанган, 3 нафари вафот этган.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Коронавирус Карантин Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

370

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг