“Янги Ғазони барпо этишимиз керак”. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Ғазода нималар қуришини айтди

Жамият

image

Ўзбекистон Ғазода тураржойлар, болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналар қурилишига муносиб ҳисса қўшишга тайёр. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев айни дамда АҚШ Тинчлик институтида бўлиб ўтаётган “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи йиғилишида маълум қилди.

“Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампга кенгашнинг илк йиғилишини чақиргани учун самимий миннатдорлик изҳор этишга ижозат бергайсиз. Шубҳасиз, бугунги саммит – Президент Трампнинг сиёсий иродаси ва прагматизми натижасидир”, деган Ўзбекистон раҳбари нутқи аввалида.

Унга кўра, Ўзбекистон “Тинчлик кенгаши”ни тузиш бўйича тинчликпарвар ташаббусни қўллаб-қувватлайди ва уни муваффақиятли амалга оширишда амалий иштирок этиш ниятини қатъий билдиради. 

“Ишончим комилки, кенгаш фаолияти Ғазо секторининг иқтисодий ва ижтимоий тикланиши учун қулай шароит яратади”, деган у.

Шу билан бирга, ҳар қандай ташқи бошқарув механизми сектор аҳолисининг ички қўллаб-қувватлашига таяниши лозимлигини қайд этган. Шавкат Мирзиёев барча томонларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари можародан кейинги жараённинг барқарорлигини таъминлаш ва Ғазони тез фурсатда тиклаш учун шароит яратишга хизмат қилишини қўшимча қилган.

Қолаверса, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Ғазода турар жойлар, болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналар қурилишига муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканини қайд этган.

“Учрашувимиз халқаро ҳамжиҳатлик, тинчликпарварлик ва Яқин Шарқдаги вазиятни яхшилашга қаратилган умумий интилишнинг ёрқин ифодасидир.

Биз ушбу тарихий имкониятдан фойдаланиб, иқтисодиёти равнақ топган ва барча аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратилган янги Ғазони барпо этишимиз керак”, деган у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп саммит доирасида Ўзбекистон раҳбарини дўсти деб ҳисоблашини билдирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Трамп “Тинчлик кенгаши” Янги Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг