Янги Андижон шаҳарчасига Бобур номи берилади
Жамият
−
15 Апрель
3901Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 15 апрель куни Янги Андижон шаҳридаги "Янги Ўзбекистон" боғида ўтаётган халқ сайлида сўзга чиқиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасини абадийлаштириш мақсадида Янги Андижон шаҳарчасига Бобур шаҳри деб ном беришни таклиф қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
"Ишончим комил, бу ташаббус ҳар томонлама халқимизнинг кўнглидаги иш бўлади. Нега деганда, ҳазрати Бобур – жаҳон тарихида камдан-кам учрайдиган шундай беназир, улуғ зотки, унинг шарафига нафақат кўча ва майдонлар, боғу роғлар, балки алоҳида шаҳар бунёд этсак, албатта арзийди.
Нега деганда, Бобур Мирзо – Темурийлар Ренессансининг муносиб давомчиси, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт, истеъдод ҳомийси бўлган буюк шахсдир.
Унинг ёшлик пайтларидан юртда тинчлик ва адолат ўрнатиш учун олиб борган курашлари, бу йўлда кўрсатган мардлик ва жасорати фидойилик ва ватанпарварлик мактабидир.
Ҳеч шубҳасиз, қомусий билим ва тафаккур эгаси бўлган бу мумтоз аждодимизнинг биргина “Бобурнома” асари учун ҳам унинг шарафига мана шундай гўзал шаҳарчани бунёд этсак арзийди", деди Президент.
Шерзод Асадовнинг ёзишича, ушбу ташаббус ўзбекистонликлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланган.
Қайд этиш жоиз, Андижон Ўзбекистонда аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд. Мамлакатнинг 10 фоиз аҳолиси 1 фоиз ерда яшайди. Шу боис давлат раҳбари ташаббуси билан 2021 йилда янги шаҳар қурилиши бошланган эди. Бу галги ташрифда Президент лойиҳанинг илк натижаларини кўрди.
Ушбу шаҳар Андижон туманидаги адирликда, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаган 4 минг гектар майдонда барпо этилмоқда. Қурилиш саккиз босқичда режалаштириган бўлиб, ҳозирда 1 минг 770 та хонадонли 63 та уй фойдаланишга топширилган. Шунингдек, 1 минг 680 ўринли мактаб, 420 ўринли болалар боғчаси, 250 қатновга мўлжалланган поликлиника қурилган. Енгил саноат корхонаси, ипотека маркази ташкил этилган.
Давлат раҳбари ҳудуд бўйлаб юриб, янги мажмуаларни кўздан кечирди. Билдирилишича, тайёр хонадонларнинг кўпчилигига оилалар кўчиб келиб, яшамоқда. Ўйин майдончаларидаги болакайларнинг шодликлари кўнгилларга қувонч, ҳаловат бағишлайди. Бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилиб, бу йил мингдан зиёд хонадонли яна 40 та кўп қаватли уй барпо этилади.
Иншоотлар йўл, электр энергияси, табиий газ, сув, иссиқлик каби зарур тармоқлар билан таъминланган. Ичимлик суви етказиб бериш учун сиғими тўрт минг метр куб бўлган сув сақлаш ва узатиш иншооти ишга туширилди.
19 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” боғи барпо этилиб, ўн минг тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари, бута ва гуллар экилди. Амфитеатр, дам олиш жойлари, декоратив йўлаклар, кафелар, болалар ўйингоҳи, ёритиш тизимларига эга бўлган боғ Янги Андижоннинг кўрки бўлади.
Бу ердаги “Ватанпарвар боғи” катта рамзий маънога эга. Боғдаги “Ватанга қасамёд” монументи, музей, концерт ва томоша майдонлари меҳмонларда катта таассуротлар қолдиради.
Лойиҳа кўлами кенг. Ҳудуднинг 1 минг 439 гектарида 2 мингта кўп қаватли турар жой қад ростлайди. Шунингдек, кўплаб савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, 1 минг 820 гектарда яшил ҳудудлар ташкил этилади. Қурилишлар битгач, бу ерда 410 минг нафардан зиёд аҳоли яшаши мумкин бўлади.
Шу ерда янги қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари тақдимот қилинди. Унга кўра, Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи таъмирланади. Янги Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали ўрнатилади. Президент бунда Бобурнинг сиймосини ҳаққоний акс эттириш, атрофини бобурийлар мероси бўйича тематик паркка айлантириш юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Давлат раҳбари янги боғда ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмаларини томоша қилди. Андижонда ҳар йили рассомлар фестивалини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Маълумот учун, 2021 йил 17 июнь куни Янги Андижон шаҳри қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтганди. Унда нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик фаоллари иштирок этган. Президент Шавкат Мирзиёев бу қурилишни ўзбек халқи бунёдкорлигини намоён этадиган тарихий воқеа деб атаган.