Яна Президентликкача бир қадам... Путин Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади
Олам
−
14 Март 2020
7941Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Эндиликда ҳужжат Россия Федерацияси Конституциявий судига кўриб чиқиш учун юборилади ва бутун Россия овозига қўйилади. Барча жараёнлардан кейин қонун қабул қилинади.
“Давлат ҳокимияти органларини ташкил этиш ва фаолиятининг айрим масалаларини тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида”ги қонун бугун, 14 март куни ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.
Ҳужжат конституциявий даражада бир қатор ижтимоий кафолатларни белгилаб беради. Парламент ваколатларини кенгайтиради, юқори лавозимли амалдорлар учун чекловлар киритади ва кўпи билан икки марта президентлик муддатини белгилайди. Аммо тузатиш кучга киргандан кейин амалдаги давлат раҳбари яна президентликка ўз номзодини қўйиши мумкин.
Энди Россия Федерацияси Президенти Россия Федерациясининг Конституциявий судига сўров юбориши керак. Суд етти кун ичида тузатишлар Конституциянинг асосий қоидаларига мувофиқлиги ёки мос келмаслиги тўғрисида хулоса беради. Россия Федерацияси Конституциявий судининг ижобий қарори қабул қилинган тақдирда, давлат раҳбари умумроссия овоз беришини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади, шу вақт давомида руслар ушбу тузатишларнинг кучга кириши тўғрисида якуний қарорни қабул қилишади.
Кутилганидек, овоз бериш 22 апрель куни бўлиб, у дам олиш куни деб эълон қилинади. Асосий қонунга киритилган ўзгартиришлар, фуқароларнинг ярмидан кўпи томонидан қўллаб-қувватланса, маъқулланган ҳисобланади. Агар Россия умумхалқ овоз беришида қарор ижобий бўлса, Президент ушбу ўзгартиришларни Конституция матнига киритиш тўғрисида қарор чиқаради.