Яна можаро: Жапаровнинг собиқ сафдоши уни коррупцияда айблади
Олам
−
15 Май 2021
14938Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг собиқ тарафдори уларнинг жамоаси президентлик сайловида қандай қилиб ғалаба қозонишганини очиқча айтишга қарор қилди.
Қамоқдаги фаол Мелис Аспеков Садир Жапаров муқаддам Сооронбай ва Асилбек Жээнбековлардан ўзининг сайловолди кампанияси учун 10 млн доллар олганини айтиб чиқди. Бу ҳақда Аспековнинг хатида ёзилган.
Аспековга кўра, 5 октябрдаги тўнтаришдан кейин у Президентдан қамоқдалиги вақтида берган ваъдасининг устидан чиқишини талаб қила бошлаган.
“5 октябрдаги тўнтаришдан кейин мен Садир Жапаровдан қамоқдалиги вақтида берган ваъдасини бажаришини талаб қилдим”, деган Аспеков мактубида.
Аспеков Жапаровнинг ваъдалари қаторида Қумтор билан тузилган шартномани денонсация қилиш, Жеруянинг 50 фоизини миллийлаштириш, сиёсий элитани чеклаш тўғрисида қонун қабул қилиш, коррупцияга қарши кураш, энергетика соҳасидаги Ширшов схемаларини йўқ қилишни келтирган.
Бундан ташқари, қон тўкилишини тўхтатиш, божхонадаги ўғирликларга тўсқинлик қилиш, Дача Сувдаги авиаҳалокат ишига нуқта қўйиш ва халққа қарата ўқ узишга буйруқ бергани учун Жээнбековларни жавобгарликка тортиш ҳам ваъда қилинган. Жапаров Президент бўлгач, барча ваъдаларини бажаришини айтган ва Аспековга сайловларда Чуй вилояти кооординатори бўлишни таклиф қилган.
Жамоатчилик фаоли амалдаги давлат раҳбарининг сайловолди кампаниясига аслида неча пул сарфланганини ҳам айтган.
“Жапаров сайловолди кампаниясида Чуй вилоятига 1 млн доллар ажратишини таъкидлади. Унинг кўрсатмасига кўра, биз биринчи турда ғалаба қозонишимиз керак эди. Агар биз пул тополмасак, керакли овозни йиғмасак ва у Президент бўлмаса, биз қамалишимизни айтди. Мен рози бўлдим ва дарҳол штаб туздим. Керакли ходимларни танладим, компьютер ускуналарини келтирдим, ҳар бир туман учун координатор, тарғиботчи тайинладим, барчаси сайлов учун тайёр эди. Садир айтганидек, шахсан менга 1 млн доллар берди. Асоссиз бўлмаслиги учун мендан маблағ олган ҳар бир округ координаторларининг паспорт нусхаси ва имзоларини илова қилдим. Бироқ бундан бошқа харажатлар ҳам бор эди. Биз тонналаб бензин сотиб олдик ва кўплаб жамоат ташкилотлари, ҳаракат, диаспора ва ёшлар гуруҳлари етакчилари билан ҳамкорлик қилдик. Улар эса текинга ишламайди. Барча солиқлар Чуй вилоятига ажратилган миллион доллардан тўланади ва жамоатчиликка кўрсатилади деб ўйлагандим. Аммо ундай бўлмади. Республика штаби сайловолди кампаниясига жами 40 миллион сом йиғилгани ва сарфланганини эълон қилди”, деган Аспеков.
Республика штаби ахборотини эълон қилгач, у қонун бузилишининг сабабини билиш учун Жапаровнинг олдига борган.
“Жапаров агар биз барча харажатларни очиқ кўрсатсак, катта солиқ тўлашимизга тўғри келишини айтди. У "халқ бу учун бизни “ейишини”, одамлар биздек янги келганларда қаердан шунча пул борлигидан ғазабланишини айтди". У очиқчасига, уялмасдан Жээнбековлардан 10 млн доллар олганини айтди ва шундай деди: “Бошқа уларнинг қўлга олинишини талаб қилма, улар бўлмаса, ким берарди”. Садир 7 вилоятга 1 млн доллардан сарфлаганини айтди. У Иссиқ-кўл вилоятига 2 млнг доллар ажратганини ва кичик ватанида кам овоз олса, уятга қолишини таъкидлади. Мен сайловларга аралашганимдан афсусландим”, деган Аспеков.
У Садир Жапаров Жээнбековларни жавобгарликка торта олмаслигини, негаки улардан катта миқдорда пул олганини таъкидлаган.
Аввалроқ, Қирғизистонда мамлакатнинг собиқ Президентлари Роза Отунбаева ва Сооронбай Жээнбековни "экс-президент" унвонидан маҳрум қилиш ҳаракати бошлангани ҳақида хабар берган эдик.
Шундан сўнг, Қирғизистоннинг амалдаги Президенти Садир Жапаров икки марта омма олдида Роза Отунбаева ва Сооронбай Жээнбеков билан расмий маросимда қатнашди. Биринчи марта апрель ойининг бошларида Қирғизистон пойтахти Бишкекда “Апрель инқилоби” қурбонлари хотирасини ёд этиш маросимида, иккинчи марта 9 май куни Бишкек шаҳридаги Ғалаба майдонида Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан ўтказилган хотирлаш маросимида.
LiveБарчаси