Яна бир ташкилотга қамоқхоналарга монеликсиз кириш ҳуқуқи берилди

Жамият

image

“Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун 2021 йил 19 ноябрдан кучга кирди. Қонун билан Жиноят-ижроия кодекси, “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида” ҳамда “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунларга қўшимча  киритилди.  

Эндиликда қонун билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилишини ўрганиш ва таҳлил қилиш учун жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш, ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқига эга бўлди.  

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги ва “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунларда Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тайёрланадиган Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маърузасини кўриб чиқиш тартиби белгиланди.

Унга кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенат Миллий маърузани дастлабки тарзда кўриб чиқиб, фикр ва таклифлар ишлаб чиқади. Шунингдек, палата мажлисларида мажбурий равишда ҳар томонлама муҳокама қилади. Парламент палаталарининг Миллий маърузани кўриб чиқиш бўйича қабул қилган қарорлари агентликка юборилади.

БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисидаги қонунда коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда бошқа давлатларга ёрдам кўрсатадиган органлар қаторига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам киритилди.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга биноан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари қаторига киритилди.  

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши этиб қайта ташкил этилиши муносабати билан қонунчиликка тегишли нормалар киритилди.

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар рўйхатига киритилди ва унинг шу соҳадаги ваколатлари белгиланди.

Эндиликда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар ва уларнинг қариндошлари давлат ҳимоясида бўлади.  

Бундай шахсларнинг ҳаёти ва соғлигига ҳақиқий таҳдидни, уларга нисбатан зўрлик ишлатилганини, мол-мулки йўқ қилинганлиги ёки шикастлантирилганлигини тасдиқловчи етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда коррупцияга қарши курашишни амалга оширувчи органлар “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, уларни ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шарт.


Мақола муаллифи

Теглар

қамоқхона ҳуқуқ

Баҳолаганлар

163

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг