Яна бир мамлакат Исроил билан алоқаларни узди

Олам

image

Никарагуа Исроил билан дипломатик алоқаларни узиб, мамлакат ҳукуматини “фашист” деб атади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Никарагуа ҳукумати ўз баёнотида бу қарор Исроилнинг Фаластин ҳудудларига қилаётган ҳужумлари туфайли қабул қилинганини билдирган. Мамлакат Конгресси ҳам Ғазо уруши бошланишининг бир йиллиги муносабати билан Никарагуа ҳукуматидан бу борада чоралар кўришни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилган.

Никарагуа ҳукумати ушбу можаро энди Ливан орқали ҳам кенгайиб, Сурия, Яман ва Эронни жиддий таҳдид остига қўйганини маълум қилган.

Нашрга кўра, Эрон Никарагуа Президенти Даниэль Ортега маъмуриятининг иттифоқчиси саналади. Аммо сўнгги йилларда Никарагуа халқаро майдонда тобора яккаланиб бормоқда. Чунки Ортега 2018 йилда ҳукуматга қарши норозилик намойишларини бостиргани учун танқидга учраган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, намойишни бостириш вақтида тахминан 300 киши ҳалок бўлган.

Маълумот учун, Фаластин-Исроил можароси кескинлашганидан бери Колумбия, Боливия ва Белиз Исроил билан алоқаларни узганини эълон қилган. Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) парламенти ҳам буни амалга оширишга чақирди. Баҳрайн Исроилдаги элчисини чақириб олди ва яҳудий давлати билан иқтисодий алоқаларни тўхтатди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой ҳукумати ўзи билан дипломатик алоқаларни сақлаб қолиш ниятида бўлган ҳар қандай давлат Тайпей билан алоқаларини узиши кераклигини таъкидлаганидан сўнг, Никарагуа Пекин фойдасига Тайвань билан алоқаларни узган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил дипломатик алоқа Никарагуа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг