Яманнинг 96 фоиз ҳудудини вабо қамраб олди
Олам
−
06 Сентябрь 9140 2 дақиқа
Яманда инсонпарварлик ёрдами тўхтатилиши фонида мамлакат ҳудудининг 96 фоизида холера (вабо) ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда тиббиёт ходимлари ва экспертларга таяниб, “The Washington Post” хабар берди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Яман бўйича ваколатхонасининг раҳбари ўринбосари Нуҳа Маҳмуднинг нашрга айтишича, ушбу холера эпидемияси “дунёдаги энг даҳшатлиси бўлиб қолмоқда”. Унга кўра, жорий йилнинг январь ойидан июль ўрталаригача мамлакатда 50 минг холера беморлари аниқланган ва 149 киши ҳалок бўлган.
“Биз биринчи марта шундай инқирозга дуч келдик. Авваллари курашишга муваффақ бўлардик, аммо яқинда холера бутун мамлакат бўйлаб тарқалди”, дея қўшимча қилган Ямандаги шифокорлардан бири.
Хорижий ёрдам ҳажмининг қисқариши дори-дармон ва тиббий ускуналар танқислигига олиб келган. Оқибатда Ямандаги барча шифохоналарнинг учдан бир қисми ишини тўхтатган. БМТ маълумотига кўра, мамлакат аҳолининг 80 фоизи хорижий ёрдамларга қарам.
Нашрнинг эслатишича, замонавий тарихдаги энг йирик холера эпидемияси Яманда 2016–2022 йилларда кузатилган бўлиб, ўша даврда мамлакатда 2,5 миллионга яқин холера ҳолати қайд этилган.
Маълумот учун, холера хавфли ичак инфекцияси бўлиб, асосан ифлос сув ёки озиқ-овқат орқали юқади, унинг асосий белгилари сувдек ич кетиш, қусиш ва тез сувсизланишдир. Даволашнинг энг муҳим йўли суюқлик ва туз балансини тиклаш ҳамда оғир ҳолатларда антибиотиклар қўллаш. Касалликнинг олдини олиш учун эса тоза ичимлик сувидан фойдаланиш, гигиена ва санитария қоидаларига риоя қилиш зарур.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 июль куни АҚШ Президенти Дональд Трамп хорижий ёрдам ва оммавий ахборот воситаларига сарфланадиган харажатларни қисқартириш тўғрисидаги қонунни имзолаганди. Жами 9 миллиард долларлик қисқартириш режалаштирилган. Шундан 8 миллиард доллари АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали эпидемиялар, можаролар ва табиий офатлардан жабрланган хорижий мамлакатларга кўрсатиладиган ёрдам дастурларидан олиб ташланган.
Live
Барчаси