Яманда БАА ҳарбий кемаси асирга олинди

Олам 3612
image

Яманда жангари Ҳутийлар гуруҳи Қизил денгизда БАА байроғи остидаги ҳарбий кемани “қурол-яроқ ташиганликда” гумон қилиб, қўлга олди. 

Ҳутийлар вакили Яҳё Сорийга кўра, кема Ҳудийдаҳ қирғоқларидаги Яман ҳудудига “рухсатсиз” кирган ва “душманлик ҳаракатлари”ни амалга оширишга уринган. Ўз навбатида Саудия Арабистони қўллови остидаги ҳукумат коалицион кучлари эса, Ҳутийларни қароқчиликда айбламоқда. 

“Rwabee”нинг эгаллаб олиниши савдо ва энергетика ташувида муҳим транзит бўлган Қизил денгиз ҳаракатланиш учун хавфли ҳудуд бўлиб бораётганининг белгисидир. 

“Rwabee”га ҳужум ҳақида биринчи бўлиб Британия армияси маълум қилган. Бирлашган Қироллик денгиз савдо операциялар ташкилоти ярим тунда, Қизил денгиз ҳудудида номаълум кемага ҳужум уюштирилганини хабар берган. 

“MarineTraffic.com” веб-сайтига кўра, Бирлашган Амирлик байроғи остидаги “Rwabee” қўшин кемаси бир неча соатлар мобайнида ўзи жойлашган ҳудуд ҳақида маълумотлар юбормай қўйган. Орадан бир неча соат ўтиб, ҳукумат коалицион кучлари Саудия оммавий ахборот воситалари орқали Ҳутийлар томонидан кема “қуролли қароқчилик” йўли билан эгаллаб олингани ҳақида ахборот берган.

Коалициянинг таъкидлашича, кема узоқ Сокотра оролида демонтаж қилинган Саудия дала шифохонасидан тиббий асбоб-ускуналарни олиб кетаётган бўлган.

“Ҳутий милицияси дарҳол кемани озод қилиш шарт, акс ҳолда каолиция қуролли кучлари зўравонликка қарши зарур чора-тадбирларни кўришга мажбур бўлади. Ҳатто, куч ишлатишга ҳам”, дейди Бригадир-Генерал Турки ал-Малки бугун, 3 январь куни ОАВга берган баёнотида. 

Бунга қадар, 2016 йилда Қизил денгизда Эритрея ва Ямандаги Амирлик қўшинлар базаси бўйлаб сузиб юрган Амирликнинг SWIFT-1 кемаси Ҳутий кучлари томонидан ҳужумга учраган эди.

Амирлик ҳукумати SWIFT-1 Яман бўйлаб гуманитар ёрдам ташиб юргани ҳақида баёнот билан чиққан. Аммо БМТ Амирликнинг гуманитар ёрдам ҳақидаги баёнотига нисбатан “шубҳа” билдирган.

Маълумот учун, ҳукумат ва қўпорувчи гуруҳлар ўртасида юзага келган тўқнашувлар оқибатида 2014 йилда ҳукумат аъзолари мамлакат пойтахти Санони ташлаб қочишга мажбур бўлган. Ҳукумат эса Ҳутий исёнчилар гуруҳи томонидан эгаллаб олинган. 2015 йилда Саудия Арабистони қўллаб-қувватлови остидаги ҳукумат тарафдори бўлган коалицион гуруҳ ва Ҳутийлар ўртасида қонли тўқнашувлар бошланган.

Сўнгги ойларда содир бўлган зўравонликлар ортидан ҳукумат назорати остида бўлган йирик таянч ҳудуд Мариб ҳам Ҳутийлар қўлига ўтган. Ҳужумлар хавфи оқибатида мамлакат шимолидаги ушбу ҳудуддан яна ўн минглаб аҳоли кўчишга мажбур бўлган.

Беҳруз Саидов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 78
Рейтинг: 3
Теглар
t
×