Яқин Шарқдаги янги учлик: Туркия, Саудия ва Покистон мудофаа иттифоқини тузмоқда
World
−
12:45 1588 3 minutes
Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Саудия Арабистонига кутилмаган ишчи ташрифи сабабига ойдинлик киритилди. Унга кўра, бугун, 7 август куни Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон Жидда шаҳрида қўшма мудофаа келишувини имзолаши кутилмоқда. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Маълум қилинишича, келишув минтақадаги хавфсизлик ва ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган. Саудия манбалари бу масала анчадан бери муҳокама қилинганини, минтақадаги сўнгги воқеалар эса жараённи тезлаштирганини билдирган.
Минтақадаги хавфсизлик муаммолари ва ҳарбий кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон тарихий мудофаа келишувини имзолашга тайёргарлик кўрмоқда. Саудия Арабистони валияҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан бирга Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб, ушбу келишувни расман имзолаши кутилмоқда.
Саудия Арабистони армияси ва ҳукуматига яқин манбаларнинг нашрга маълум қилишича, уч давлат ўртасидаги қўшма мудофаа келишуви бугун, 7 август куни Жиддада имзоланиши режалаштирилган. Қайд этилишича, узоқ вақтдан бери муҳокама қилиб келинган стратегик иттифоқ Форс кўрфази ҳудудида АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушга боғлиқ кескинлик ортганидан сўнг жадаллашган.
Ушбу инқироз Ҳормуз бўғози ва Қизил денгиздаги қатновларга жиддий таъсир кўрсатиб, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни тезлаштириш заруратини оширган.
Жараён ҳақида маълумотга эга бўлган, исмини ошкор қилмаган амалдорнинг айтишича, келишув узоқ вақт давомида муҳокама қилинган, бироқ минтақадаги сўнгги воқеалар жараённи тезлаштирган. Саудия Арабистони ҳукуматига яқин яна бир манба ҳам келишувни имзолаш маросими бугун бўлиб ўтишини тасдиқлаган.
Тарихий келишув бўйича музокаралар Саудия Арабистонининг Қизил денгиз соҳилидаги Жидда шаҳрида валияҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон раислигида ўтказилмоқда. Покистон делегацияси Бош вазир Шаҳбоз Шариф ва армия штаби бошлиғи Осим Мунир бошчилигида кеча, 6 август куни Саудия Арабистонига ташриф буюрган. Ташриф эртага, 8 август кунигача давом этади.
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Тоҳир Андрабий жорий йилнинг 6–8 август кунларига мўлжалланган ташрифни изоҳлар экан, у Форс кўрфазидаги кескинлик кучайган даврга тўғри келаётган бўлса-да, ташрифнинг аҳамияти жорий инқироз ва қисқа муддатли баҳолардан анча кенг эканини таъкидлаган.
Туркия Президенти маъмуриятидаги манбаларга кўра, Эрдўған ҳам бугун Жиддага бориб, саммитда шахсан иштирок этиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, уч давлат ўртасида шакллантирилаётган стратегик иттифоқ минтақадаги мавжуд дипломатик ташаббуслар билан ҳам мустаҳкамланмоқда. Саммит иштирокчиларидан бири бўлган Туркия Ғазодаги урушни тўхтатишга қаратилган минтақавий музокараларда фаол дипломатик роль ўйнайди. Ислом дунёсида ядро қуролига эга ягона давлат бўлган Покистон эса АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушни тўхтатишга қаратилган воситачилик фаолиятини олиб бормоқда.
Келишувга мезбонлик қилаётган Саудия Арабистони ҳам Яқин Шарқ ва Форс кўрфази хавфсизлиги масалаларининг марказида турибди ва ушбу стратегик иттифоқнинг муҳим қисмларидан бири ҳисобланади.
Маълумот учун, Саудия Арабистони ва Покистон 2025 йилда ҳам қўшма мудофаа келишувини имзолаган. Покистоннинг ядро қуролига эгалиги сабабли ушбу келишув халқаро ОАВда катта резонансга сабаб бўлганлиги қайд этилган. Нашрга кўра, эндиликда Туркиянинг ҳам ушбу жараёнга қўшилиши минтақадаги кучлар нисбати ва хавфсизлик тизимига сезиларли таъсир кўрсатади.
Live
All