Ироқда миллиард-миллард пул бор. Супуриб олиш керак!
Бизнес
−
15 Январь 7037 4 дақиқа
2026 йил 14 январь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган форум Ўзбекистон ва Ироқдан 150 нафардан ортиқ тадбиркорлар ва ишбилармон доира вакилларини бир майдонда жамлади. Форумда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, савдо-саноат палаталари ва тармоқ бирлашмалари вакиллари, шунингдек икки мамлакат бизнес доираларининг 150 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Форум давомида Ироқ томони вакиллари, жумладан Ироқ Савдо вазири Атир Давуд ал-Ғурайри, Ироқ Миллий инвестициялар комиссияси ва Ироқ Иқтисодий Кенгаши раҳбарияти ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистон бизнеси билан тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан институционал ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди. Мазкур форум ўзбек-ироқ ишбилармонлик ҳамкорлиги тарихидаги иккинчи бизнес форуми бўлди. Биринчи шундай форум эса 2025 йил декабрь ойида Бағдод шаҳрида ўтказилган. Ушбу тадбирларнинг изчил ташкил этилиши икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги мулоқотнинг босқичма-босқич ва тизимли тус олаётганини, шунингдек, томонларнинг алоқаларни йўлга қўйишдан амалий савдо-иқтисодий ва инвестициявий ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишга ўзаро қизиқиш борлигини яққол намоён этади.
Ироқлик тадбиркорлар ўзбек бозорини катта имконият сифатида кўрмоқда. Ўзбек бизнес вакиллари эса Ироқда ишончли ҳамкор ва ишлаб чиқариш учун янги манзиллар изламоқда. Тадбир ташкилотчиларидан бўлган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовга кўра, асосан Ироқ билан ҳамкорликда урғу озиқ-овқат, қурилиш материаллари, электр техника ва енгил саноат соҳаларига берилмоқда. Раис журналистнинг нега айнан бугунга келиб Ироқ билан бизнес ҳамкорлик фаоллашаётгани ҳақидаги саволига жавоб берар экан, у аввал Ироқда бундай бозор борлигидан хабари бўлмагани, Ироқ томони ҳам Ўзбекистондан хабардор бўлмай, ўзаро олди-берди учун майдон яратилмаганини таъкидлади.

“Президентимиз топшириғи билан декабрь ойида Бағдодга борилганда, у ердаги имкониятни ўрганилди ва топшириқ тўғрилиги, натижаси, самарадалик ўзини кўрсатди”, дейди у.
Ироқ Ишбилармон аёллар кенгаши раисаси Шада Зуайрига кўра, у Тошкентдаги форумда Ироқдаги барча ишбилармон аёллар номидан иштирок этди. Зуайри турли соҳаларга вакиллик қилади ва кўплаб битимларни имзолаш имкониятига эга.
“Ҳар бир соҳа бўйича ишбилармон аёллар билан алоҳида ишлайман. Шунингдек, мебель ассоциацияси ва қурилиш материаллари вакиллари билан яна икки битим имзолаш масаласи ҳозирча муҳокама қилинмоқда. Қолаверса, нефть соҳаси, нефт-кимё саноати, қурилиш, мебель ва муҳандислик йўналишларини ҳам қамраб оламан”, дейди у.

Тадбир давомида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларнинг ечими муҳокама қилинди. Мутасадди ташкилотлар ҳар қандай ҳолатда тадбиркорлар билан елкама-елка туриб ишлашга тайёр эканини билдирди. Шундай қўлловдан мамнун бўлган “Promeat” компанияси бошқарувчи директори Ислом Муталов логистика, йўл ҳаққи борасида ҳеч қандай муаммо қолмаганини қайд этди.
“Ermak” бренди асосчиси Валижон Солиҳов эса Ироқда ресурсларни кўплиги, ялпи ишлаб ишлаб чиқариш маҳсулотини молия сифатидан баландлиги, сотиб олиш, маҳсулотга бўлган талаб юқори бўлиши ўзбек тадбиркорларни, ўзбекистонликлар учун қизиқ, истиқболли ва келажакли бозор эканини айтди.
Ироқ-Ўзбекистон иқтисодий форумидаги Ўзбекистон халқининг самимий ва илиқ меҳмондўстлигидан мамнун бўлган Ироқ иқтисодий кенгаши маслаҳатчиси Ақил Абдулвоҳид Фаҳриддин Ироқ халқи билан Ўзбекистон халқини тарих, цивилизация ва умумий маданиятлар боғлаб туришини, Тошкентда ўтказилган учрашув натижасида дори-дармон ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, қурилиш материаллари ҳамда озиқ-овқат саноати соҳаларида иқтисодий ҳамкорлик ва шерикликлар йўлга қўйилишини билдирди.
“Шунингдек, Ўзбекистон томони Ироқ иқтисодиёти ва Ироқ бозорида тўлақонли ва фаол ҳамкор бўлишга ваъда берди. Биз, ўз навбатида, Ўзбекистон томонини жорий йил август ойида Бағдодда бўлиб ўтадиган халқаро кўргазмада иштирок этишга таклиф қилдик. Ўзбекистонлик тадбиркорлар ва Ўзбекистон ҳукуматига ушбу аъло даражадаги ташкилотчилик ва самимий қабул учун миннатдорлик билдирамиз”, деди у.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Алишер Шайховнинг қайд этишича, Ироқ озиқ-овқат, автомобилсозлик, қурилиш материаллари, фармацевтика соҳасида юқори импорт салоҳиятига эга, бу жиҳатдан ўзбекистонлик тадбиркорларнинг ошиғи олчи.
“Ўзбекистондан Ироққа экспорт қилишга улкан салоҳият мавжуд. Хорижий бозорга маҳсулот етказиб бериш ҳажми бир неча миллиард долларни ташкил этиши мумкин. Бу нафақат озиқ-овқат ёки қурилиш, балки энергетика ва чарм саноати соҳаларига ҳам тегишли, дейди Алишер Шайхов.

Ушбу репортажни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube-каналида томоша қилишингиз мумкин.
Live
Барчаси