Яқин атрофдаги шифохоналар, мактабларни бириктириш ҳам мумкин – Президент “Саховат” уйига борди

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 6 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатини бориб кўрди. Ётоқхона ва даволаш хоналарида яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Давлат раҳбари муассасада яшаётган фахрийлар билан суҳбатлашди.

"Бу ерга келиб, Ватанимиз учун кўп меҳнат қилган сиздек мўътабар инсонлар билан учрашиб турганимдан жуда хурсандман. Фурсатдан фойдаланиб, бу ердаги азиз онахонларимизни, шифокор аёлларимизни яқинлашиб келаётган 8 март байрами билан табриклайман", деди Шавкат Мирзиёев.

Нуронийлар давлат раҳбарига ташрифи, кекса авлодга эътибори учун миннатдорлик билдирди.

Уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида 138 нуроний давлат таъминотига олинган. Президент бу ерда маданий тадбирлар ўтказиш учун янги бино ҳамда пансионатга туташ 3 гектар майдонда Нуронийлар паркини барпо этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.

Видеоконференция тарзида ўтган учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар, ижтимоий муассасалар раҳбарлари ҳам иштирок этди. Мамлакатдаги "Саховат" ва "Мурувват" уйларидаги шароитларни, тиббий-ижтимоий хизматларни яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.

"Бугун бошқача учрашув бўлади. Фақат бу пансионат эмас, мамлакатимиздаги барча 34 та "Саховат" ва "Мурувват" уйини яхшилаш чораларини келишиб оламиз. Уларда жами 9 минг 700 ўрин мавжуд бўлиб, ҳозирда 8 минг 840 нафар нуронийларимиз яшаб, даволаняпти. Лекин бу уйларга ҳеч ким кирмаган, фақат байрамлардагина эсланган, тартиб, эътибор бўлмаган. Бундай инсонлар меҳр излайди, эътибор излайди. Уларнинг дуосини олсак, юртимизга барака ёғилади", деди Президент.

Шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигини Вазирлар Маҳкамаси тузилмасига ўтказиш зарурлиги таъкидланди. Шароити оғир муассасаларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш, тиббий ускуналарни янгилаш, замонавий физиотерапия бўлимлари ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

"Аввалги меъёрларни қайта кўриб чиқиб, бу жойларда яшаётган фуқароларимизнинг дориларини кўпайтириш, овқатлари сифатини ўзгартириш, таом тайёрлашда аутсорсинг тизимини йўлга қўйиш керак. Уларнинг ҳолидан хабар олиб туриш учун яқин атрофдаги шифохоналар, мактабларни бириктириш ҳам мумкин. Бу ҳам эътибор, меҳр-оқибат. Бемор инсонларга эътиборни кучайтирсак, янаям соғаяди", деди Шавкат Мирзиёев.

Барча муассасаларга автобус совға қилиб, мамлакатнинг диққатга сазовор жойлари ва зиёратгоҳларга саёҳатларини уюштириш, концерт дастурлари, ҳаваскорлик тўгараклари ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Касаба уюшмалари федерациясига "Саховат" уйларидаги барча нуронийларни ҳар йили бир марта мамлакатнинг энг яхши санаторийларида соғломлаштириш вазифаси топширилди.

Давлат раҳбари "Саховат" ва "Мурувват" уйлари ходимларининг фидойилигини, меҳрибонлигини алоҳида таъкидлаб, уларнинг ойлик иш ҳақларини ошириш бўйича кўрсатма берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

47

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг